Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қоғозбозлик камайди, хизмат кўрсатиш яхшиланди
10:50 / 2020-05-28

Аввало, электрон ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш қоғоз кўринишидаги одатий ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиришдан деярли фарқ қилмайди.


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июндаги “Ўзаро ҳисоб-китоблар тизимида электрон шаклдаги ҳисобварақ-фактуралардан фойдаланишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан республика ҳудудида барча хўжалик юритувчи субъектлар учун ҳисобварақ-фактураларни электрон шаклда расмийлаштириш, сақлаш ва ҳисобини юритиш тизими жорий этилди.

Аввало, электрон ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш қоғоз кўринишидаги одатий ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиришдан деярли фарқ қилмайди.

Анъанавий усулда битта ҳисобварақ-фактурани қоғозда тайёрлаш, чоп этиб контрагентга юбориш, имзолаб қайтариб олиб келиш учун 3 кундан 10 кунгача вақт сарфланса, электрон ҳисобварақ-фактуралар тизими орқали 5-10 дақиқада расмийлаштириш имконияти мавжуд ва бу 85 фоиздан ортиқ қоғоз, транспорт харажатларини тежалишига олиб келади.

Масалан, биргина ҳисобварақ-фактура расмийлаштириш учун, дейлик, 2 дона қоғозга 228 сўмлик харажат қилинади. Ҳисобварақ-фактурани керакли манзилга етказиш ва олиб келиш учун ҳеч бўлмаганда 6 минг сўм йўл ҳақи сарфланади. Шу иш учун ходимга ҳар куни энг камида кунига 7 минг сўм иш ҳақи ҳисобланган. Хуллас, бир дона ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш учун жами 13 минг 456 сўм минимал харажат қилишга тўғри келар эди. Ҳозир буларнинг бари ўзгарди. ЭҲФни шакллантириш ва уни ҳатто энг узоқ ҳамкорларга юбориш учун бир неча дақиқа етарли бўляпти. Куръерга мутлақо эҳтиёж қолмади, ҳатто қоғозга ҳам. Ҳаммаси электрон шаклда тез ва осон ҳал бўляпти. Харажатларга келсак, бугунги кунда расмий ЭҲФ операторлари ҳар бир электрон ҳисобварақ-фактура учун ўртача 600-650 сўмгача нарх белгиланган. Ҳисоб-китоб қилсак, ҳар бир ҳисобварақ-фактурани электрон шаклда расмийлаштириш орқали 12 минг 856 сўм миқдордаги маблағни тежашга эришамиз. Бир ойда 10 мингта ҳисобварақ-фактура шакллантирилса, ўрта ҳисобда 128 миллион 560 минг сўм иқтисод қилиш дегани бу.

Энг муҳим жиҳати, ҳужжатлар электрон ҳисоб-фактуралар операторлари орқали расмийлаштирилган барча электрон ҳужжатлар операторларнинг маълумотлар базасида камида 5 йил, шунингдек, электрон ҳисоб-фактураларнинг марказлаштирилган ҳолда сақланиши, операторлараро узатилиши ва ҳисоби юритилиши учун масъул роуминг операторида 10 йил давомида хавфсиз сақланади. Шунингдек, электрон ҳисобварақ-фактура тизими операторлари узлуксиз 7 кун 24 соат режимида ишламоқда. Бу исталган вақтда зарур ҳужжатларни керакли манзилга ҳеч бир муаммосиз юбориш имконини бераётир.

Бугунги кунда Навоий вилоятида солиқ тўлаш мажбуриятига эга 21 минг 475 нафар тадбиркорлик субъектларидан 10 минг 180 таси электрон ҳисобварақ-фактурадан фойдаланиб келмоқда.

Вилоятда тадбиркорлар 75 минг 906 та ҳисоб-фактуралардан фойдаланиб, 35 миллиард 754 миллион 412 минг сўмлик ҳисоб-китоблар амалга оширган.

Электрон ҳисобварақ-фактураларидан фойдаланиш ҳужжат айланишининг тезкорлигини, солиқ ҳисоботларини ўз вақтида юборилишини таъминлашга хизмат қилаётир.

Мазкур тизимнинг солиқ тўловчиларга афзалликлари талайгина. Хусусан, электрон ҳисоб-фактуралар бизнес ҳамкорлар ва солиқ идоралари билан шаффоф сиёсатни олиб боришга хизмат қилади. Муҳими, қўшилган қиймат солиғи занжири узилишининг олдини олишга ёрдам беради.

– Контрагентлар билан ҳисоб-китобларни амалга оширишда электрон ҳисобварақ-фактуралардан кенг фойдаланмоқдамиз, – дейди “Жанубсаноатмонтаж” акциядорлик жамияти бош ҳисобчиси ўринбосари Уммат Ниёзов. – Натижада, ишимизда унум, тезкорлик кузатилмоқда. Харидорларимиз билан тушунмовчиликлар, ортиқча оворагарчиликларнинг олди олинмоқда. Хусусан, 2019 йил сентябрь ойидан бошлаб электрон ҳисобварақ-фактурадан фойдаланишга ўтганимиз илгари бир ҳафта, ўн кунлаб чўзилган ишимизни 10-15 дақиқада битишига имкон беряпти. Шунингдек, қўшилган қиймат солиғи бўйича ҳисоботларни ҳам топширишда бу тизим айни муддаодир.

Мухтасар айтганда, солиқ тизимида замонавий ахборот коммуникация технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланиб солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлаш, уларга яқин ва ишончли кўмакчи бўлиш давлат солиқ хизмати органи ходимларининг устувор вазифаси ҳисобланади.