Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оғир тошни жойидан силжитиш осон иш эмас ёхуд ўзбек тилидаги биринчи нутқ...
15:45 / 2020-10-04

Ўша куни, 2020 йилнинг 23 сентябри дунёдаги 50 миллион ўзбек тилида сўзлашувчининг кўзи-қулоғи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбарига қаратилди.


ЎЗБЕК ТИЛИДА БИРИНЧИ НУТҚ

Ўша куни, 2020 йилнинг 23 сентябри дунёдаги 50 миллион ўзбек тилида сўзлашувчининг кўзи-қулоғи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбарига қаратилди. Сабаби, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош ассамблеяси юксак минбарида биринчи марта ўзининг она тилида нутқ сўзлади. Бу ҳақида тилчилар, сиёсатчилар, ҳатто мухолифлар Ўзбек тили байрами нишонланадиган 21 октябрь куни, албатта, ёзишади. 

Тожикистон, Афғонистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон, Россия, Туркия, Саудия, Покистон, АҚШ, Жанубий Корея, Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухтор ўлкасига ўзбеклар ва диаспораларни қўшганда ўзбек тилида 50 миллион киши сўзлашади, бу ўзбек тилида асосий минтақавий тил бўлишга етарли ресурслар мавжудлигини билдиради. Демак, шунча миқдордаги ўзбеклар БМТ минбаридаги нутқни ғурур ва ифтихор билан тинглаб, қалблари чексиз ғурурга тўлди.

Бизга ибратли, ҳам таъсирли туюлгани – нутқнинг Тошкент вақти билан 18.18 да бошланиб, 18 дақиқада тугалланиши бўлди. Бунда қандайдир сирли, синоатли ва шукуҳли якун, нурли келажакка дарча очилгандек кўринади. Бу ўринда ота-боболаримиз коинотни ўн саккиз минг оламдан иборат, деб англаганликларини эслаб ўтишимиз жоиз. Тасаввуф адабиётида, жумладан, Алишер Навоий шеъриятида ушбу машҳур иборадан мажозий маънода ҳам кенг фойдаланилади.

ТАШАББУСКОР ДАВЛАТ

Ўзбекистон Республикасини жаҳон ҳамжамиятига бемалол юз очиши ва инсоният барқарор тараққиёти йўлида илғор ғояларни олға суришида 2017 йил июнь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби жаноб Антониу Гутерришнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи муҳим роль ўйнаганини айтиб ўтиш жоиз. Ўша тарихий учрашувдан сўнг, биз икки сиёсий воқеанинг гувоҳига айландик. 

Биринчиси, Ўзбекистон 2017 йилдан бошлаб, ўзининг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига устувор аҳамиятни қаратди ва ўзи келгусида интиладиган энг муҳим мақсад-муддаоларини улкан ҳудуддаги мамлакатлар тақдирида кўра бошлади. Иккинчиси, Ўзбекистон давлати раҳбари 2017 йил ва 2020 йилда БМТ Бош Ассамблеяси минбарида Марказий Осиё мамлакатларидан ташаббускор, деб тилга олинган давлат бўлди.

Бундай юксак даражага етишиш учун мамлакатимиз раҳбарияти, элита ва кучлари тайёргарлик кўришди. Йигирма олти йил мобайнида ёпилган чегараларнинг очилгани, оқилона муроса асосида амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликнинг мустаҳкамлангани, хусусан, иқтисодиёт ривожи, аҳоли фаровонлиги учун инвестицион муҳитнинг яратилгани юртимизга шундай маънавий ҳуқуқни берди, албатта. 

2017 йил июнида Самарқандда БМТ шафелигида ўтказилган «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» мавзусидаги юқори даражадаги халқаро анжуманда минтақадаги фундаментал муаммолар, жумладан, 1979 йилдан буён истилочиларнинг тазйиқи ва ўзаро курашлар остида яшаётган Афғонистон Ислом Республикасининг дарду-изтироблари ҳам ўртага ташланди.

АФҒОН ЖАМИЯТИНИ ТИКЛАШ ЙЎЛИДА...

Қирқ бир йиллик уруш то 1978 йилгача мавжуд бўлган афғон жамиятининг ички кучлари балансини бузди ва ягона афғон давлатини қайта тиклаш, иқтисодни ривожлантириш масаласини узоқ йиллар орқага суриб ташлади.

Бизга маълумки, инқилобга қадар афғон жамиятида пуштунлар етакчи мавқени эгаллаб келишар, ҳокимият учун курашни асосан ўнг пуштун элитаси олиб борарди, бошқа майда уюшмалар унга қўшилмас эди. Янги Афғонистоннинг етакчилари: охирги амир Зоҳиршоҳ, 1978 йил апрель инқилобида ағдарилган президент Довуд, 1979 йилги фитнада ўлдирилган Халқ демократик партияси лидери Таракий, ўша йили совет махсус десантчиларининг президент саройига уюштирган қаттиқ ҳужумида ўлдирилган Амин, 1986 йилда ҳокимиятдан туширилган Кармал, ниҳоят, 1996 йил кузида Кобул толиблар томонидан олинганда осиб ўлдирилган советларнинг сўнгги «қўғирчоқ» раҳбари Нажибулло ва афғон мужоҳидларининг кўплаб лидерлари анъанавий пуштун элитасининг вакиллари бўлган эдилар. Нажибулло тузумининг қулаши билан Афғонистонда фуқаролар урушининг биринчи босқичи тугади.

Афғон элита қисмининг «советларча жадал модернизация»си натижасида мамлакат қолоқликдан чиқиб кетолмади, балки кичик мақсадлар учун курашувчи майда қарам ўлкаларга бўлинди. Кобулдаги коммунистик режим устидан мужоҳидларнинг ғалабаси афғон жамиятининг сиёсий жараёнга қодир эмаслигидан дарак берди. Афғонистон ҳарбий-сиёсий харитасида «Толибон» ҳаракати пайдо бўлганидан кейин 1995 йили толиблар мамлакат ҳудудининг қарийб ярмини назорат қилди. 

1996 йилда Кобулни ҳам эгаллаб олишди ҳамда Афғонистонни Ислом амирлиги деб эълон қилишди. 2001 йилги Нью-Йорк ва Вашингтондаги терактлардан сўнг, АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция БМТ резолюциясига мувофиқ, ҳарбий амалиётларни бошлади. 2003 йилда терроризмга қарши курашиш баҳонасида бу юртда мустаҳкам ўрнашган АҚШ ва НАТО ҳарбийлари мамлакатда сиёсий-иқтисодий аҳволни издан чиқариб, мамлакат бойлигини таладилар.

Бизнинг таҳлилимизча, Афғонистонда давом этган тинимсиз кураш жараёнлари ушбу салбий оқибатларга олиб келди: 1) чет эл интервенцияси ва фуқаролар уруши ягона афғон давлатининг потенциалини емирди; 2) таълим, саноат, давлат бошқаруви тизими деярли издан чиқди; 3)анъанавий афғон жамияти элитаси обрўсига жиддий путур етказилди; 4)мамлакат қолоқлик чегарасини ҳатлаб ўтолмади ва тарихий имкониятни бутунлай қўлдан бой берди. Ана шулар натижасида, Ҳинд океанига чиқадиган геосиёсий ва геостратегик нуқтада ўрнашган Афғонистон сўнгги йилларда АҚШ, Россия ва Хитойнинг манфаатлари кесишадиган, аниқ «мўлжал»га олинган давлатга айланди.

ДАДИЛ ҚАДАМЛАР

Ниҳоят, узоқ йиллик кутишлардан сўнг, Афғонистон тинчлиги масаласида ижобий қадамлар ва ўзгаришлар кўзга ташлана бошлади. 2017 йил 6 июнда Кобулда илк маротаба афғон муаммосига доир халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда 27 давлат ва халқаро ташкилотлар иштирок этди. 2018 йил 28 февралида Кобул жараёнининг иккинчи босқичи бўлиб ўтди. Бу сафар дунёнинг 25 давлати вакиллари, шу жумладан Ўзбекистон делегацияси ҳам қатнашди. 

Анжуманда Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғанининг баёнот беришича, «барчаси кўнгилдагидек ўтса», толибларга Кобулда қароргоҳларини очишга рухсат берилади, фуқаролик паспортлари тақдим этилади ва мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш имкони тақдим этилади. Бундан ташқари, афғон қамоқхоналаридаги толиблар озод қилиниб, улар оила аъзолари билан мамлакатнинг исталган ҳудудида истиқомат қилишади. Демак, тинчлик, осойишталик даврига қадам қўйилиши мумкин.

2018 йил 26-27 март кунлари бўлиб ўтган Тошкент конференцияси бу борада қўйилган учинчи йирик тадбир эди. “Шавкат Мирзиёевнинг Жанубга мурожаати – бугунги жаҳон саҳнидаги энг асосий қадамлардан бири”, - деб ёзди Евроосиё ва Россия бўйича америкалик эксперт Стивен Фредерик Старр ва сўзларига изоҳ берди. 

Бунинг натижасида икки долзарб муаммонинг ечимлари топилади: биринчиси, сув минтақада ўта муҳим аҳамиятга эга; иккинчиси, транспорт йўлаги очилади. Янги темир йўл йўналиши Афғонистон ҳукумати учун ниҳоятда зарур тармоқдир. Гап шундаки, Ўзбекистон Афғонистоннинг иқтисодий ривожланишида муҳим роль ўйнай олиши мумкин. Мисол учун Мозори Шариф шаҳри бошқа мамлакатлар пойтахтлари билан тўғридан-тўғри алоқага киришади.

Шу жиҳатдан олганда, Ўзбекистон давлати раҳбари Ш.М.Мирзиёевнинг ташаббуси билан Тошкент шаҳрида Афғонистон муаммоларига бағишлаб ўтказилган халқаро анжуман сезиларли қарорлар қабул қилинишига олиб келди. Бу тарихий аҳдлашув Марказий Осиё минтақаси иқтисодий ва сиёсий ривожига, шубҳасиз, ижобий таъсир ўтказди.

АФҒОН МУАММОСИ ЖАҲОН МИНБАРИДА

2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош ассамблеяси 72-сессиясида сўзлаган нутқида Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев афғон муаммосини дадил кўтариб чиқди. «Аминмизки, Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли – марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб боришдир», деган таклифни илгари сурди давлатимиз раҳбари. 

Сўнг фикрини давом эттириб, «Афғонистон масаласи глобал миқёсдаги масалалар марказида бўлиши лозим. Халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатлари, биринчи навбатда, Афғонистондаги ўткир ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга қаратилиши керак. Бу жафокаш юртда тинчлик ўрнатишга кўмаклашиш йўлидаги бизнинг умумий қатъий ҳаракатларимиз асло сусаймаслиги лозим», деб таъкидлади.

2020 йил 23 сентябрда БМТ Бош ассамблеясидаги навбатдаги чиқишида Ўзбекистон давлати раҳбари яна шу муаммога жаҳон жамоатчилиги эътиборини тортди. “Биз Афғонистонни Марказий Осиёнинг ажралмас қисми сифатида қабул қиламиз”, деди юртбошимиз ва Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган ҳаракатларни санаб ўтди: “Минтақада иқтисодий интеграция жараёнларига Афғонистонни кенг жалб этиш мақсадида «Сурхон – Пули Хумри» электр узатиш тармоғини, Мозори Шарифдан Ҳинд океани портларига чиқадиган темир йўл қурилиши каби йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга киришдик”. 

Шу билан бирга, янги таклифларни киритди: «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш лозим. Ушбу қўмитанинг асосий вазифаси Афғонистоннинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига кўмак беришдан иборат бўлиши зарур». Жаҳон сиёсат минбаридан туриб олға сурилган ушбу ташаббусларни нафақат Марказий Осиё давлатлари, балки жаҳондаги барча тинчликсевар халқлар чин дилдан олқишлади.

2020 йил сентябрь ойи бошида Қатар пойтахти Доха шаҳрида бўлиб ўтган АҚШ ва «Толибон ҳаракати», Афғонистон ҳукумати ва «Толибон ҳаракати» ўртасидаги учрашувлар иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ва ташаббусини юқори баҳолашди. Доха учрашуви музокаралари давомидан кейин барча томонлар якдил бир қарорга келишига озгина муддат қолди, назаримизда. АҚШ ва НАТО ҳарбийлари мамлакатдан чиқиб кетганидан сўнг, тинчлик ва барқарорлик, миллий тараққиёт даври бошланишидан умид боғланмоқда.

ХУЛОСА ЎРНИДА

Тошни жойидан силжитиш фақат кучли сиёсатчилар ва йирик давлатларнинг иштиёқига, ҳамфикрлигига боғлиқ кечадиган жараён. Бу борада ташаббус кўрсатиб, жафокаш бир халқнинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш, тинч ҳаётга қайтишига кўмак бериш нақадар савобли иш эканлигини дўст қўшниларимиз юракдан ҳис қилиб туришибди. Ўзбекистон давлати раҳбарининг ташаббуслари заминида эзгу мақсадлар ётибди. 

Биринчиси, 1990 йилларда Афғонистондаги беқарорлик Марказий Осиё минтақасида янги таҳдидлар ва чақириқлар, хусусан терроризм, диний экстремизм, наркобизнес ва ноқонуний қурол-яроғлар савдоси каби иллатларнинг камайишига олиб келади; иккинчиси, Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш борасида турли аҳамиятга эга бўлган ташаббуслар Истанбул (2011), Москва (2016), Кобул (2017) ташаббуслари илгари сурилган, аммо якуний натижага эришилмаган эди. 

Ўзбекистон ташаббуси ва БМТ шафелигида ўтказилаётган сўнгги ҳаракатлар натижасидан кўзланган асосий мақсад – Афғонистон Ислом республикасининг минтақавий иқтисодий жараёнларга интеграциялашувини таъминлашдан иборат. Агар бу вазифа уддалангудек бўлса, терроризм, диний экстремизм, наркобизнес ва ноқонуний қурол-яроғлар савдоси ҳам аста-секин барҳам топади. Энг муҳими, Марказий Осиё минтақасида, хусусан, Ўзбекистонда ташқи хавф-хатар йўқолиб, иқтисодий ривожланиш жараёнлари тезлашади.

Бахтиёр Омонов, 
Тошкент ахборот технологиялари университети профессори, сиёсий фанлар доктори