Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оқила бека, тадбиркор раҳбар
10:55 / 2016-03-05

Президентимиз раҳнамолигида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли улар ҳаётимизнинг турли соҳаларида самарали фаолият юритиб, мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Президентимиз раҳнамолигида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли улар ҳаётимизнинг турли соҳаларида самарали фаолият юритиб, мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Оқила уй бекаси, тадбиркор Шоирахон Исроилова ана шундай фаол аёллардан.

– Давлатимиз раҳбарининг доимий эътибори туфайли аёллар юксак мавқега эга бўлди, ишлаб чиқариш, илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, санъат, спорт ва бошқа соҳаларда катта ютуқларни қўлга киритмоқда, – дейди Андижон шаҳридаги “Боғишамол текстил люкс” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Шоирахон Исроилова. – Бу бизнинг кундалик турмушимиз, иш фаолиятимиз, ҳаракат ва интилишларимизда ўз ифодасини топмоқда.

Интилиш, изланиш бор жойда юксалиш бўлади. Ана шу ғояга амал қиладиган Шоирахон ўзи раҳбарлик қилаётган корхона маҳсулотлари сифатига, харидор талаби ва дидига мос бўлишига алоҳида эътибор қаратади. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган трикотаж маҳсулотлари харидоргирлигининг сабаби ҳам шунда.

2010 йилда корхонанинг ўз маблағлари ҳамда “Ҳамкорбанк”дан олинган 650 миллион сўм маблағ ҳисобига янги ишлаб чиқариш биноси қурилди, замонавий дастгоҳлар келтириб ўрнатилди. Бунинг самарасида корхона фаолияти янада кенгайди, маҳсулот тури ва ишлаб чиқариш ҳажми ортди. 2015 йилда 900 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Унинг 85 фоизи хорижий давлатларга экспорт қилинди.

Вилоятдаги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи етакчи корхоналардан бири бўлган “Боғишамол текстил люкс”да аёллар халати, ички кийимлар, болалар ва эркаклар футболкаси каби 30 дан зиёд турдаги трикотаж маҳсулотлари тайёрланмоқда. Айни пайтда юртимизда тадбиркорларга берилаётган кенг имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда, иккинчи ишлаб чиқариш биносини қуриш ишлари бошлаб юборилди. Янги цех ишга туширилгач, ишлаб чиқариш ҳажми янада ортади, янги иш ўринлари яратилади.

Корхонада меҳнат қилаётган 50 дан ортиқ ишчининг аксарияти хотин-қизлардир. Уларнинг самарали ишлаши учун барча шароит яратилган. Касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг ишлаб чиқариш амалиётини ўташи йўлга қўйилган. Амалиётни муваффақиятли ўтаган битирувчилар билан шартнома тузилади ва шу ернинг ўзида ишга олиб қолинади.

Корхона эришаётган муваффақиятларда ишни ташкил этишда илғор услубларни қўллаш, ички имкониятлардан самарали фойдаланиш, замонавий технологияларни кенг жорий этиш, ишчи-хизматчиларнинг муносиб рағбатлантирилиши каби омиллар ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тадбиркорликда муваффақиятга эришаётган Шоирахон Исроилова 2012 йили Президентимиз фармонига мувофиқ “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. “Ташаббус – 2013” кўрик-танловининг Андижон шаҳар босқичида “Энг яхши тадбиркор” йўналиши ғолиби бўлди.

– Президентимиз раҳнамолигида хотин-қизларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик туфайли катта ютуқларга эришмоқдамиз, – дейди Шоирахон. – Буни ҳар биримиз ўз ҳаётимиз мисолида кўришимиз мумкин. Юртбошимиз ташаббуси билан барпо этилаётган намунали уйлардан бирини харид қилиб, янги уйга кўчиб ўтдик. Аёл киши учун оиласи тинчлиги, фарзандлар камолини кўришдан улуғ бахт бўлмаса керак. Аёлларини эъзозлайдиган, юксак эҳтиром кўрсатадиган озод ва обод юртда яшаётганимдан фахрланаман.