Оҳангаронлик С.Ҳайитқуловага компенсация пули берилмаётгани ростми?
Вилоят прокуратураси фуқаро С.Хайитқулованинг мурожаатига асосан юқоридаги саволларга жавоб эълон қилди.
Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро С.Хайитқулова бузилишга тушган уйи учун компенцация пули берилмаётганидан норози бўлиб, ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат қилган эди.
Хўш, ҳақиқатдан ҳам ушбу фуқарога компенцация пули берилмаганми? Нега?
Вилоят прокуратураси фуқаро С.Хайитқулованинг мурожаатига асосан юқоридаги саволларга жавоб эълон қилди.
Қайд этилишича, Оҳангарон шаҳар ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятдаги А-373 автомагистрал йўли атрофида ободонлаштириш, ноқонуний объектларни бузиш ва тартибга келтириш бўйича олиб борилаётган ишларга асосан Оҳангарон шаҳар ҳудудидаги қатор турар ва нотурар жой, бино-иншоотлар бузилишга тушган.
Жумладан, фуқаро С.Хайитқуловага қарашли бўлган турар жой биноси ҳам бузилишга тушган бўлиб, 52 982 874 сўм 60 тийинга “HISOB VA BIZNES BAHOLASH” масъулияти чекланган жамияти томонидан 52 миллион 982 минг 874 сўмга баҳоланган. Шундан 34 миллион 202 минг 363 сўм Оҳангарон шаҳар Нўғайқўрғон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан фуқарога берилган 4 сотих ер учун баҳоланган. Қолган 18 миллион 780 минг 512 сўм шаҳар молия бўлими томонидан 2018 йилнинг август ойидан 2019 йилнинг февраль ойига қадар тўлаб берилган.
Бундан ташқари, фуқарога 6 миллион сўм ижара пули ҳам тўланган, дейилади вилоят прокуратураси маълумотида.