Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оҳангаронлик чорвадорлар Ирландиядан зотдор қорамол олиб келмоқчи
17:47 / 2020-08-03

Тошкент вилояти Оҳангарон тумани мамлакатимизнинг чорвачиликка ихтисослашган туманларидан бири ҳисобланади.


Тошкент вилояти Оҳангарон тумани мамлакатимизнинг чорвачиликка ихтисослашган туманларидан бири ҳисобланади. Мазкур ҳудуднинг қулай табиий-географик жойлашуви, иқлим шароити ва бошқа шу каби омиллар соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этади. 

Шу туфайли давлатимиз томонидан сўнгги йилларда ушбу тумандаги мавжуд ер майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш ҳисобига чорвачилик соҳасини янада ривожлантириш, замонавий технологиялар асосида чорвачилик комплексларини ташкил этиш ва аҳоли истеъмоли учун сифатли чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш учун алоҳида эътибор қаратяпти. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 октябрдаги «Тошкент вилояти Оҳангарон туманида чорвачиликни ривожлантириш тўғрисида»ги қарори бўйича туманда 30 та чорвачилик комплекси (17 та қорамолчилик, 13 та қўйчилик) яратилиши белгиланган бўлиб, лойиҳаларнинг умумий қиймати 746 миллиард 598 миллион сўмни ташкил этади. 

Хусусан, “Aziya agro baraka” масъулияти чекланган жамияти томонидан Оҳангарон туманининг «Телов» маҳалла фуқаролар йиғинида қорамолчиликка ихтисослашган чорвачилик комплекси барпо этилмоқда. 2020-2021 йилларда мазкур лойиҳа доирасида Ирландиядан 1 минг 500 бош «Ангус» ва «Жорси» зотли соғин қорамоллар келтирилиши режалаштирилган. Асосан сутчиликка мўлжалланган мазкур лойиҳа ишга тушгач, йилига 6 минг тонна сут, 57 тонна гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Бунинг натижасида 50 га яқин янги иш ўрни яратилади. 

– Ҳозирги кунда чорвачилик комплексини қуриш ишлари жадал олиб борилмоқда, – дейди МЧЖ раҳбари Шуҳрат Йўлдошев. – Лойиҳа доирасида жами бўлиб 2,8 миллион евро кредит маблағи олинади. Шундан 500 минг евро зарурий техникаларга мўлжалланган бўлса, 2,3 миллион евро наслли мол келтиришга ва қурилиш ишлари учун ажратилиши кўзда тутилган. Айни пайтда қишловга озуқа базасини яратиш борасида ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 30 гектар майдонда маккажўхори парваришланаётган бўлса, 4 минг дона прессланган пичан жамғарилди. Шунингдек, жамғариладиган силосни сақлаш мақсадида, шу кеча-кундузда жой тайёрлаш ва қазиш ишлари давом этмоқда. Белгиланган режага кўра, октябрь ойидан бошлаб, Ирландиядан зотдор қорамол олиб келишни бошлаймиз. 

Шунингдек, «Санам» маҳалла фуқаролар йиғинида «Шоҳруҳ» фермер хўжалиги томонидан қўйчиликка ихтисослашган чорвачилик комплекси барпо этиш ишлари бошлаб юборилган. Айни пайтда қурилиш ишлари деярли якунланмоқда. Ўтган ойда мазкур фермер хўжалиги томонидан қўшни Қирғизистондан 350 бош наслли қўйлар келтирилган бўлса, куни кеча яна 370 бош зотдор қўй келтирилди (жами 720 бош). Лойиҳага кўра, йил якунига қадар, четдан келтириладиган наслли қўйлар сони мингтани ташкил этиши кўзда тутилган. 

Ҳозирги пандемия шароитини ҳисобга олган ҳолда ҳудудда бу каби лойиҳаларни амалга ошириш озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ёрдам беради. Шу билан бирга, аҳоли бандлигини таъминлайди.