Оҳангаронда чорвачилик мажмуаларини қуриш ишлари бошланди
Йиғилишда Тошкент вилояти Оҳангарон туманида чорвачилик соҳасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар ҳақида ҳам сўз юритилди.
Жорий йилнинг 14 апрелида давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, хусусан, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилишда Тошкент вилояти Оҳангарон туманида чорвачилик соҳасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар ҳақида ҳам сўз юритилди.
Маълумки, Оҳангарон республикамизнинг чорвачиликка ихтисослашган туманларидан бири ҳисобланади. Бунга ҳудуднинг қулай табиий-географик жойлашуви, иқлим шароити ва бошқа омилларни сабаб қилиб кўрсатиш мумкин. Қолаверса, оҳангаронликлар қадимдан чорвачилик ва деҳқончилик борасида бой тажрибага эга. Айнан мана шу жиҳатлар мамлакатимизда соҳани янада такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида туманга алоҳида эътибор қаратилишига замин яратмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 октябрдаги “Тошкент вилояти Оҳангарон туманида чорвачиликни ривожлантириш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида мавжуд ер майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш ҳисобига чорвачиликни янада ривожлантириш, замонавий технологиялар асосида чорвачилик комплексларини ташкил этиш ҳамда аҳоли истеъмоли учун сифатли соҳа маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш кўзда тутилган.
Унга мувофиқ, 2019-2021 йилларда қорамолчилик ва қўй-эчкичиликни ривожлантириш мақсадида туманда умумий қиймати 746 млрд. 598 млн. сўмга тенг бўлган (шундан 53 млн. 210 минг доллари хорижий инвестиция) 30 чорвачилик комплекси (17 та қорамолчилик, 13 та қўй-эчкичилик) яратилиши режалаштирилган.
Тошкент вилояти ахборот хизмати хабарига кўра, мазкур лойиҳалар учун 20 124 гектар суғориладиган ер, 50 033 гектар яйлов-пичанзорлар, қурилиш ишлари учун эса 149 гектар майдон ажратилган.
Айни кунда ушбу чорва комплексларини қуриш ишлари бошлаб юборилган. Лойиҳалар доирасида 44 500 бош наслли қорамол, 16 000 бош қўй-эчки олиб келинади. Йилига 98 000 тонна сут, 10 817 тонна гўшт, 168 тонна жун етиштирилади.