Оҳангаронда ҳам тўқимачилик саноати бўёқлари ишлаб чиқарилади
Тошкент вилояти Оҳангарон туманининг «Алишер» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида тўқимачилик саноати учун бўёқлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган завод қурилмоқда.
Тошкент вилояти Оҳангарон туманининг «Алишер» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида тўқимачилик саноати учун бўёқлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган завод қурилмоқда.
Лойиҳанинг умумий қиймати 70 миллион долларга тенг бўлиб, заводни 2021 йил охирига қадар ишга тушириш режалаштирилган. Жалб этиладиган хориж маблағининг ҳаммаси тўғридан-тўғри инвестиция ҳисобланади. Корхона фаолият бошлагач, 300 янги иш ўрни яратилади.

Ҳозирги пайтда маҳсулотларни сақлаш учун омборхона, ошхона ва маъмурий биноларни барпо этиш ишлари ниҳоясига етмоқда.
Маҳсулотлар Хитой технологияси асосида ишлаб чиқарилади. Уларнинг асосий қисми, яъни 80 фоизи экспорт қилинади.
Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, мазкур лойиҳа давлатимиз раҳбарининг 2019 йил июнь ойида вилоятга ташрифи чоғида намойиш этилиб, маъқулланган.