Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оққан дарё ёки Иосиф Кобзон иқрори ва...
17:20 / 2020-05-08

Паҳлавон Маҳмуднинг кураги ер кўрмаган эди.


... Чингизхон қанчалик қонхўр бўлмасин, Шайх Нажмиддин Куброни минг нафар муриди билан Хоразмдан чиқиб кетишини ва шу билан жони омон қолишини сўраб одам йўллади. Улуғ шайх Қорақум чўлларини кечиб, Бухоро, ундан жануб томон жуфтакни ростлашни хаёлига ҳам келтирмади. Бир пайтлар устози, қайнотаси Шайх Рўзбеҳон "Хоразмга борасан", деганида, сал оёғи тортмай турган шайх энди Хоразм элини ташлаб кетишни хаёлига ҳам келтира олмади...

Паҳлавон Маҳмуднинг кураги ер кўрмаган эди. Бир кун ҳиндистонлик машҳур полвон билан кураш тушадиган бўлди. Курашдан бир кун олдин ибодатхонада саждага бош қўйган Маҳмуднинг қулоғига иттифоқо аёл кишининг саси келди. Аёл: "Эй Тангрим! Хоразм элидан бир полвон келибди, кураги ер кўрмаган, бунинг устига, мусулмон экан. Эртага шу полвон ўғлим билан кураш тушади. Агар у ўғлимни енгса, бизнинг аҳволимиз не кечади? Ҳинд Рожаси берадиган доимий маошдан бебаҳра қоламиз ва аҳволимиз забун бўлади-ку..." дея нола қиларди.

Эртаси куни тумонат одам, Хоразм шоҳи ва Ҳинд Рожаси кўз ўнгида кураш бошланади.

Паҳлавон Маҳмуд давра айланиб-айланиб, одатдагидек рақибини боши узра даст кўтаради...

Буни кўрган оломон жунбишга келади. Хоразм шоҳининг юзи порлайди, ҳинд Рожаси саросимага тушиб қолади.

Ана шунда Паҳлавон Маҳмуднинг қулоғи остида кечаги аёлнинг овози янграй бошлайди... Алқисса, Маҳмуд рақибининг курагини ерга босиш ўрнига ўзи унинг қаршисига тиз чўкади.

Бу Паҳлавон Маҳмуднинг ҳаётидаги ягона мағлубияти эди.

Хивада Огаҳий музейи қошидаги ҳовуз бўйида, мажнунтоллар соясида суҳбат асносида ғоят камсуқум ва улуғ шоир Матназар Абдулҳакимдан шу ҳақда сўрадим.

Табиатан босиқ, донишманд Матназар оға кутилмаганда кўзлари ёниб, "Биласизми, мана шу мағлубият Паҳлавон Маҳмуднинг ҳаётдаги энг катта ғалабаси эди", деди...

ШУБҲАСИЗ...

Ер юзида инсониятнинг фашизм устидан қозонилган ғалабаси қарийб 75 йилдан буён тантана қилиб келинади. Унда урушда иштирок этганлар, азоб чекканлар, хўрланганлар... ва қурбон бўлган 50 миллиондан ортиқ инсон эсланади. Урушни бобо-момоларидан эшитиб қолганлар ҳам худди ўзлари ўша жараёнда иштирок этгандек гоҳ маҳзун, гоҳ ғурур билан гапиришади...

АЛБАТТА, БУНГА УЛАРНИНГ ҲАҚЛАРИ БОР...

Бизда мустақилликнинг маълум бир даврида бу ҳақда гапириш худди эски совет тузумини қўмсашдек қабул қилинарди. Аслида ҳам шундайми?..

Москвада, ғалаба шаънига довруқли парад ўтадиган Қизил майдондан унча узоқ бўлмаган жой — дала ҳовлида телевизор кўриб ўтирсак, ойнаи жаҳонда бир аёл Сталинград қамали вақтида чеккан азобларини эслаб, кўзига ёш олди. Номуслари поймол бўлган қизлар, аёллар ҳақидаги гаплар...

Шунда экранда ҳаммамизга таниш сиймо — Иосиф Кобзон пайдо бўлди ва у ҳам хотираларини айта бошлади.

Шу одам ҳам урушдан азият чеккан экан-да, бечора, дедим ичимда.

Кутилмаганда таниқли қўшиқчи, давлат ва жамоат арбоби "Недалеко от Ташкента есть такой городок - Янгиюль..." деса борми, ҳушёр тортдим.

"Бизни — мен, иккита опам, онам, холам ва юзлаб оч-наҳор етим-есирларни поезд узоқ юриб Тошкентга олиб келди. Вокзалда бизни ўзбеклар кутиб олишди ва маҳаллий оилаларга тақсимлашди. Биз оиламиз билан Янгийўл шаҳарчасидаги бир ўзбек опаникида жойлашдик.

Мана шу опа уйининг ярмини бизга берди, битта нонини биз билан баҳам кўрди...

Мен ҳеч ерда кўрмаган меҳрни Янгийўлда - шу аёл, ўзбек халқи тимсолида кўрдим..."

Аммо, бу ҳали ҳаммаси эмас эди, Иосиф Кобзон яна бир ҳақиқатни айтдики, уни эшитиб, нафақат мен, балки шу даврада ўтирган рус оғайнилар ҳам бир муддат сукутга чўмишди.

"Ана шу опа, — деди қўшиқчи, -ҳеч қачон ўзининг болалари учун биздан алоҳида дастурхон ёзганини ёки бизнинг ҳузуримизда уларга бир нима берганини кўрмадим..."

Заррача шубҳаланмадим.

Биласизми, ана шу эътирофдан сал бурунроқ И.Кобзон қандайдир бир тадбирда саҳнада ҳушини йўқотиб, ўзидан кетганлиги ҳақидаги хабарни матбуотдан эшитгандим.

Нега бу хабарни дунё тан олган қўшиқчи бунча кеч айтяпти ё айтган бўлсаям мен эшитмай қолганмиканман?.. Шу иқрордан кейин ҳеч қанча ўтмай И.Кобзон ҳам бу оламни тарк этди.

Қаранг, дўриллаган, ўктам овози Кремл деворларидан ошиб Исроилнинг Ўлик денгизи соҳилларигача етиб борган ва ҳамма жойни забт эта олган мол-дунёси бижғиб ётган довруқли зот Тошкент биқинидаги Янгийўлни, унда сўнгги нонини меҳр билан бошқаларга бера оладиган узбечка-апа ҳақида орадан шунча сувлар оқиб ўтса ҳам унутмаган экан.

Мен И.Кобзондек улкан овоз соҳиби болалик хотирасида бир умр муҳрланиб қолган ана шу самимий меҳрни нега шу кунгача қўшиқ қилиб айтмаганини ақлимга сиғдиролмадим...

Ҳар ҳолда бу жуда ўлмас, умрбоқий қўшиқ бўлган бўларди.

Дунё бундай қўшиқларни эшитмай қўйгани учун тобора ғариблашиб бораётгандек. Қўшиқчи, опа — опа, дерди, уйнинг соҳиби ҳақида оғиз очмади. Уйнинг эгаси, шубҳам йўқки, "кўпга келган тўй" деб биринчи Белоруссия фронтидами, қайдадир уришиб юрган бўлса, ажабмас шу кезлар.

Турмушнинг майда-чуйдаларигача бир неча том асарлар ёзган, дунёда довруқ таратган ёзувчи кейинчалик "Мен уруш кетаётган оғир бир дамда Ўзбекистонда яшаб, даволанмаганимда аллақачон ўлиб кетган бўлардим" деб қисқагина бўлса-да, ўша дамларни эслайди...

Танида жони бор зот уруш учун фронт ортида меҳнат қилган. "Бўйимиз етмагани- кичкиналигимиздан оёғимиз остига яшиклар қўйиб станокларда кеча кундуз ишлардик", деган ўша пайтдаги мурғак болакайлар, айни пайтда қартайиб қолган фронт орти қаҳрамонларининг кўпини суҳбатига ўзим гувоҳ бўлганман.

Ҳа, бу — таниш, ўша — дунё билган ўзбек. Эшиклари ва дастурхони доим очиқ миллат, ўзига ҳам осон кечмаган дамлар юз минглар бева-бечора, етим-есирларга ўз бағридан бетамаъ, беғараз жой бера олган халқ.

Иккинчи жаҳон уруши харитасини олиб кўзойнаксиз ҳам қарасангиз унда Ўзбекистондан то Берлингача бўлган масофада ўзбек жангчилари изларини кўрасиз, қаҳрамонликларига гувоҳ бўласиз. Рейхстаг деворларигача ўзбек, Тошкент каби ёзувларнинг борлиги ватандошларимизнинг нафақат фронт ортида меҳнат қилганларини, балки урушнинг сўнгги нуқталаригача мардона кириб борганига гувоҳлик беради... ва бугунги кун — пандемия шароитида халқимиз ўзи шу бало билан олишаётган бир пайтда ҳам Ўзбекистондан ўнлаб давлатларга жўнатилаётган беғараз ёрдамлар, табиий офат — Сардоба фожиасида бутун Ўзбекистонни оёққа туриши халқимизнинг нияти ҳар доим холис бўлганлигидан, бағри кенглигидан далолат эмасми?..

Шайх Нажмиддин Кубро, Паҳлавон Маҳмуд, Матназар Абдулҳаким, янгийўллик опа, Сардоба воқеалари ... булар ўзбекона беғараз ҳаётнинг ўлмас, узвий ажралмас ҳалқалари эмасми?.. Бугунги ташвишли дунёда тўпланиб қолган муаммолар, фашизм устидан қозонилган ғалаба қиммати, унга ҳисса қўшганлар ҳақида гап кетаркан, шубҳасиз, ўзбек феномени — халқимизга хос меҳр-оқибат, қадриятлар ҳам эсланиши шарт ва зарур деб ўйлайман.

Алишер НАРЗУЛЛО, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси