Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нью-Йоркнинг янги эҳтимолий мэри Мамданий ким?
01:03 / 2025-07-07

Келиб чиқиши Жанубий Осиёга тақаладиган 33 ёшли мусулмон йигит Зуҳрон Мамданий ички рақобатда собиқ губернатор Эндрю Куомони мағлубиятга учратиб, сиёсий кузатувчиларни ҳайратга солди.

Агар штат ассамблеяси аъзоси Мамданий ноябрь ойида бўлиб ўтадиган мэр сайловида ғалаба қозонса, илк ҳинд-мусулмон мэр сифатида Нью-Йорк тарихига киради.

Истеъфога чиққан собиқ губернатор Куомо қўнғироқ қилиб Мамданийни табриклагач, Манхеттендаги тадбирда нутқ сўзлади:

– Бугун вакил Мамданийнинг ғолиблик оқшоми. У ёшларга кучли таъсир ўтказа олди, одамларни илҳомлантирди, ҳаракатга келтирди, ташқарига чиқиш ва овоз беришга мажбур қилди. Умуман, ҳақиқатан жуда самарали кампания олиб борди.

Сиёсий экспертлар фикрича, бу воқеа ҳамон 2024 йилги президентлик ва қонунчилик сайловларидаги мағлубиятдан қутулишга уринаётган Демократик партия учун жиддий сабоқ бўлиши мумкин.

Хўш, Зуҳрон Мамданий ким? У нима ваъдалар берган, демократлар праймеризида ғолиб чиқиш учун сўровномалардаги башоратларни қай тарзда йўққа чиқарди? Бу йилги сайлов кампаниясидаги асосий масала – Ғазо бўйича унинг қараши қандай? Умуман, Демократик бошланғич сайлов нимаси билан эсда қолди?

Нью-Йорк шаҳрида Демократик партиядан мэрлик учун ўтказилган праймеризнинг биринчи босқичида Мамданий 43,5 фоиз ёки қарийб 432 000 овоз билан етакчилик қилди, Куомони эса 36,4 фоиз ёки 361 800 уиши қўллади.

Яна бир илғор рақиб – назоратчи Брэд Лэндер 11,3 фоиз билан учинчи ўринни эгаллади, қолган овозлар бошқа кичик номзодлар орасида тақимланган.

Ҳеч бир номзод 50 фоиздан кўп кўрсаткичга эриша олмагач, рейтинг тизими ишга тушди. Энг кам овоз олган номзодлар кейинги турларни ўтказиб юборади, уларнинг кейинги танлов тарафдорлари имтиёзи қайта тақсимланади.

Мамданийнинг ғалабаси кутилганми? Аниқ эмас. Дастлабки босқичдан бир неча ҳафта олдин аксарият йирик сўровлар Куомо фаворитлигини башорат қилган. Сайлов яқинлашганда эса Мамданийни қўллаб-қувватловчилар ортиб бораверган.

Праймериздан атиги олти кун олдин ўтказилган “Marist Poll” сўровида ҳам Куомо биринчи сайловчиларнинг 38 фоиз овоз билан етакчилик қилган, Мамданий 27 фоиз билан ортда эди. Шунингдек, рейтингли танлов натижаси симуляция қилинди ва Куомо кейинги турларда 55 фоиз – кўпчилик овоз тўплаши башорат қилинди.

Эндрюнинг отаси Марио Куомо ҳам штатда губернаторлик қилган. Унинг яхши молиялаштирилган кампанияси бутун шаҳар бўйлаб эфир ва почта қутиларини тўлдирди. Шунга қарамай, Зуҳроннинг кўнгиллилар, кичик хайриячилар ва ёш сайловчиларнинг юқори фаоллиги билан таъминланган оммавий кампанияси ҳал қилувчи аҳамият касб этди. У Нью-Йорк ишчилар синфини, Квинс, Бруклин ва Манхеттеннинг баъзи ҳудудларини нишонга олди.

Куомо ва бошқа демократлар Мамданийни мэрликка номуносиб, дея танқид қилиб, шаҳарнинг мураккаб бюрократияси ва инқирозни самарали бошқариш учун маъмурий тажрибага эга эмаслигини таъкидлаган.

Зуҳрон Мамданий ким?

33 ёшли демократ-социалист Зуҳрон Кваме Мамданий угандалик академик Маҳмуд Мамданий ва ҳинд кинорежиссёри Мира Ноирнинг ўғли.

Кампалада туғилган Зуҳрон етти ёшида оиласи билан Нью-Йоркка кўчган. У дастлаб Мэн штатидаги Будоин коллежида Африка тадқиқоти бўйича бакалавр даражасини олди. Сиёсатга киришдан олдин уй-жой масаласи бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлаган, кам таъминланган оилаларга эвакуациядан қутулишда ёрдам берган. 2020 йил Нью-Йорк ассамблеясига сайловда Квинс ва Астория штатларидан 36-округ вакили этиб сайланган.Шу йил бошида Бруклинда истиқомат қилувчи 27 ёшли суриялик рассом Рама Дуважига уйланди. Унинг ишлари “The New Yorker”, “The Washington Post”ва “VICEТ”  каби нашрларда эълон қилинган.

Асосий ваъдаси

Мамданийнинг дастури бойликни қайта тақсимлаш, давлат хизмати рўйхатини кенгайтириш ва шаҳар ҳаётини ўзгартиришга қаратилган ўзига хос илғор сиёсий йўлни акс эттиради. Асосий таклифларидан бири 2027 йилга қадар шаҳар жамоат транспортини тўлиқ бепул қилиш. У автобуслар текин юриши ҳайдовчи сони кўпайишига олиб келиб, уларга ҳужум қилиш ҳолатларини кескин камайтиради, деб ҳисоблайди.

Уй-жой муаммоси Мамданий платформасининг яна бир устун жиҳати бўлиб, у барча ижарага олинган квартиралар тўловини музлатиш таклифини киритган. Шунингдек, давлат мулки ҳисобланадиган доимий арзон уй-жой қурадиган Ижтимоий уй-жойни ривожлантириш агентлиги яратишни режалаштирмоқда. Даъвогар ижарачиларни ҳимоя қилишни кучайтиришга чақириб, шаҳар мулкидаги уй ижараси ҳақини ошириш бекор қилинишига сўз берган.

Мамданий ҳар бир маҳаллада биттадан озиқ-овқат дўкони очиш тарафдори. Мактабда бепул овқатланиш, шаҳар коллежларини қамраб олиш ва болаларни ҳар томонлама парваришлаш, эрта таълим дастурлари кўдамини кенгайтириш ниятида.

Бу вазифаларни бажариш учун Мамданий йирик солиқ ислоҳоти ўтказмоқчи: корпоратив солиқ ставкасини 7,25 фоиздан 11,5 фоизга ошириш ва йилига 1 миллион доллардан ортиқ даромад олганларга 2 фоизлик қўшимча тўлов жорий этиш. Унинг сайлов олди ташвиқотида бу чора-тадбирлар йилига 9,4 миллиард доллар тўплаш имконини беради, дея таъкидланган.

Мамданий мэр бўла оладими?

Нью-Йорк мэри учун умумий сайлов 4 ноябрга белгиланган. Мамданий 2021 йилги пойгада сезиларли фарқ билан мағлуб бўлган республикачи Кертис Слива билан курашади.

Бирламчи натижа расман эълон қилингач, Мамданий ноябрдаги сайлов учун Демократик партиядан номзод бўлади. Нью-Йоркда демократлар мутлақ, аниқроғи олтидан бир ҳисса кўплигини ҳисобга олсак, у шаҳарнинг кейинги мэри бўлиш учун яққол фаворит экани аёнлашади.

Нью-Йорк мэри сайловида ғалаба қозонган сўнгги республикачи Майкл Блумберг 2001йил шундай муваффақиятга эришган.У аввалига республикачи сифатида пойгада ғолиб чиққан, кейинроқ – 2007 йил иккинчи муддати давомида мустақил мақомга ўтган.

Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА