АҚШ Нью-Йорк шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 77-сессияси доирасида Марказий Осиё мамлакатлари ва Америка Қўшма Штатларининг «С5+1»форматидаги Вазирлар йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва АҚШ ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари ва вакиллари томонларни қизиқтирган йўналишлардаги ҳамкорликка оид долзарб масалаларни муҳокама қилдилар.
Марказий Осиёнинг барқарор иқтисодий тараққиётини таъминлаш мақсадида «С5+1» форматида савдо ва сармоявий алоқани кенгайтириш йўллари тўғрисида фикр алмашилди.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари - ташқи ишлар вазири Владимир Норов «С5+1» муҳим мулоқот механизми бўлиб, тузилма доирасидаги ҳамкорлик самарадорлигини ошириш борасида муайян ютуқларга эришилганини қайд этди. Ўзбекистоннинг мазкур формат доирасидаги ташаббуслари сифатида, жумладан, Марказий Осиё мамлакатларида қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик саноати соҳасида халқаро стандартларни жорий этиш, муқобил транспорт йўналишларини ривожлантириш, "Яшил кун тартиби"ни илгари суриш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича таклифлар билдирилди.
Томонлар «С5+1» таркибида юқори ва экспертлар даражасида яқин мулоқотни давом эттириш, амалий натижага қаратилган аниқ чоралар кўришга келишиб олдилар.
ЎзА