Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нью-Йоркда Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларнинг очиқлиги юқори баҳоланди
11:31 / 2022-08-03

Мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар дунё жамоатчилигининг, хориждаги ватандошларимизнинг эътиборида бўлиб турибди.

Нью-Йорк шаҳрида AҚШ ва Канада Бухоро яҳудийлари конгресси биносида Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Таниқли жамоат ва сиёсий арбоблар, нуфузли экспертлар, йирик тадбиркорлардан иборат Конгресс раҳбарияти ва етакчи вакиллар иштирок этган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Конституциявий комиссия раиси Акмал Саидов Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларнинг устувор йўналишлари ҳақида маълумот берди.

Мамлакатимиз Бош Қомусига киритилаётган ўзгартишларнинг умумхалқ муҳокамасида аҳолининг барча қатламлари ва фуқаролик жамияти фаол иштирок этгани, ёшларнинг ўзига хос ташаббускорлиги ва ижодкорлиги алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Конституциясига мамлакатда миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш, кўпмиллатли халқимизнинг бой маданиятини асраб-авайлаш ва юксалтириш, ватандошларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида киритилаётган ўзгартишлар ҳақида маълумот берилди.

Давра суҳбати қатнашчилари конституциявий ислоҳотлар ҳамда бу жараённинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни юқори баҳолади. Aмерикалик экспертлар сўнгги беш йил ичида Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги қиёфаси тубдан ўзгаргани, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар ва демократик ислоҳотларнинг намунаси сифатида намоён бўлаётганини таъкидлади.

AҚШ ва Канада Бухоро яҳудийлари конгресси президенти Б.Кандов Ўзбекистон халқи учун муҳим сиёсий масалани хорижда яшаётган ватандошлар иштирокида ҳам муҳокама этилгани учун миннатдорлик билдирди.

Конгресс Сиёсий департаменти директори Т.Aронова Ўзбекистонда конституциявий ислоҳот бўйича референдум ўтказиш режалари ҳақида ижобий фикр билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу энг илғор демократик стандартлар ва халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойилларига мос келади.

Шунингдек, тадбирда иштирок этган «Бухариан Таймс» газетаси бош муҳаррири ва Бухоро яҳудийлари маркази президенти ҳам Ўзбекистоннинг фаол ташқи сиёсати, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги икки томонлама муносабатларни ривожлантириш, конституциявий ислоҳотлар борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

М.Комилова, ЎзА