Нью-Йорк шаҳри мэри Зуҳрон Мамданий АҚШ шимоли-шарқида кутилаётган кучли қор бўрони туфайли шаҳарда фавқулодда ҳолат эълон қилди, деб ёзган “Kazinform”.
Пойтахт етакчиси фавқулодда хизматлардан ташқари бутун шаҳар транспорт тармоғини ёпиш бўйича кўрсатма берган. Бундан ташқари душанба кунидан давлат мактаблари ёпилган. Бу ҳақда WION хабар берди.
– Шаҳримиз кейинги ўн йил ичида бундай кучли бўронни кўрмаган, – деди Мамданий. – Нью-Йоркликлардан муҳим бўлмаган ҳар қандай саёҳатни тўхтатиб туриш сўралади.
Губернатор Кети Хочул ҳам кучли шамол яқинлашгани сабабли, штат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилди. Айни пайт 100 га яқин Миллий гвардия аскари шай ҳолда турибди.
– Кўп йил давомида бундай об-ҳавони кўрмагандик, – дейди етакчи. – Одамлар қоронғиликда қолиши мумкин. Лонг-Айленд ва Нью-Йорк шаҳарлари, қуйи Гудзон дарёси том маънода бўрон хавфи остида.
Нью-Жерси губернатори Микки Шеррилл ҳам якшанба куни тушдан кейин фавқулодда ҳолат кучга кирганини эълон қилди. Худди шундай чеклов Коннектикутда ҳам жорий этилди.
Массачусетс штатида фавқулодда ҳолат туфайли 200 нафаргача Миллий гвардия аскари кутилмаганда ёрдам кўрсатиш учун сафарбар қилинган. Штат маъмурлари якшанба оқшомидан бошлаб зарур бўлмаган саёҳатларга чеклов қўйди.
Миллий об-ҳаво хизмати маълумотига кўра, АҚШ шимоли-шарқида қор қалинлиги бир соатда 5-7,5 сантиметрга, шамолнинг тезлиги эса соатига 110 километрга етган.
Г.Сатторова, ЎзА