Юртимизда меҳмон бўлиб турган Нью-Йорк шаҳри мэри Эрик Адамс 22 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлди.
Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлаб, АҚШнинг дунёга машҳур шаҳри билан савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш вилоят учун манфаатли бўлишини қайд этди.
Ўз навбатида Эрик Адамс бой тарих ва маданиятга эга Самарқанднинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрнини эътироф этиб, Нью-Йорк бу қадимий кент билан ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.
Нью-Йорк шаҳри мэри Самарқандга сафари давомида Амир Темур мақбараси, Регистон майдони ва бошқа тарихий-маданий ёдгорликлар билан танишди. Ушбу мажмуаларнинг яратилиш тарихи, аждодларимизнинг бунёдкорлик салоҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди.
– Самарқанд ҳақида кўп эшитганман, китобларда ўқиганман, – деди Эрик Адамс. – Бугун эса бу бетакрор шаҳарда бўлиб, у тасаввур қилганимдан ҳам гўзал ва ҳайратланарли эканлигига гувоҳ бўлдим. Айниқса, бир неча асрлик тарихий обидаларнинг мукаммал архитектуравий ечими, Шарқона қиёфаси бизга жуда ёқди. Самарқанд туристик салоҳияти жуда катта шаҳар экан.
[gallery-26388]
АҚШ делегацияси Самарқанд туризм марказидаги “Боқий шаҳар” мажмуасида миллий ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмасини томоша қилди ҳамда ҳунармандларнинг иш жараёнларини бевосита кузатиш имкониятига эга бўлди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА