Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нью-Йорк саммитида БМТни ислоҳ қилиш режаси қабул қилинди
12:55 / 2024-09-23

“Келажак пакти” номли ҳужжатдан барқарор ривожланиш, халқаро хавфсизлик, илм-фан, технология ва инновация соҳасида ҳамкорлик, ёшлар ҳамда глобал бошқарувни ўзгартириш каби мавзулар ўрин олган.

2024 йил 22 сентябрь куни Нью-Йоркда жойлашган БМТ қароргоҳида муҳим масалалар бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва глобал бошқарувдаги бўшлиқларни бартараф этиш, жумладан Барқарор ривожланиш мақсадлари ва БМТ Низомини янгилашга қаратилган “Келажак саммити” бошланди.

Биринчи кун қатор давлатлар етакчилари томонидан илгари сурилган ташаббуслар, мавжуд мажбуриятларни бажаришга келишиб олинди. Анжуман иштирокчилари, шунингдек, “Келажак пакти”ни расман қабул қилди.

Бош котиб Антониу Гутерриш тузилма фаолиятида муҳим ҳисобланган мазкур ҳужжат тинчлик ва хавфсизликка эришиш йўлида янги имкониятларга йўл очадиган, халқаро ҳамкорликни ислоҳ қилиш ва адолатли дунё қуриш сари ташланган муҳим қадамлигини таъкидлади.

– 2024 йил 22 ва 23 сентябрь кунлари жаҳон етакчилари, фуқаролик жамияти ва экспертлар саммитда тўпланиб, “Келажак пакти”ни муҳокама қилар экан, денгиз сатҳи кўтарилишидан тортиб, то очарчиликка барҳам беришгача бўлган долзарб муаммолар устида ишлайди, – дейилган БМТ сайтида берилган хабарда.

Бош Ассамблея президенти Филемон Янг томонидан расман эълон қилинган “Келажак пакти”га қаршилик билдирганлар ҳам бўлди. Айрим манбалар “Россия ҳужжатни қайтаришга уринди” мазмунида ёзяпти. Умумий қарорга Беларусь, Никарагуа, Шимолий Корея ва Сурия ҳам қарши чиққани айтилган.

“Deutsche Welle” ахборот агентлиги РФ бир овоздан қабул қилиниши керак бўлган келишувдан узоқлашганини таъкидлаган:

– Келишувни тасдиқлаш маросими аввалида Москва вакили – ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Вершинин режадан ташқари сўзга чиқишни сўради ва ҳужжат матнига қўшимча киритиш зарурлигини айтди. Сиёсатчи овоз беришсиз тасдиқланиши лозим бўлган ҳужжат 193 мамлакат томонидан расман маъқулланишини шубҳа остига қўйди. Вершинин, агар Россия талаб қилган тузатиш “Келажак пакти” матнига киритилмаса, ушбу ҳужжат бўйича консенсусдан чекиниши билан таҳдид қилди.

Қайд этилишича, шартноманинг муросали шаклидан рози бўлмаган мамлакатларга муҳокама учун имкон берилмаган.

Германия ва Намибия воситачилигида ишлаб чиқилган БМТни ислоҳ қилиш режаси Конго вакили РФ сўровини кўриб чиқмаслик таклифини киритгач, 143 давлат розилиги билан қабул қилинди.

Энди халқаро тузилма фаолиятини янада самарали қилиш, ўн йиллар олдин яратилган институтлар, жумладан Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш чорасини кўриш кутиляпти.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бош котиб БМТда ислоҳот ўтказишга чақириб, бу давлатлар ҳамжамиятининг кўплаб инқирозли ҳолатлар, урушлар шароитида бирга ҳаракатланиши, шунингдек дунёдаги ҳар бир вазиятда адолат қарор топиши учун зарурлигини таъкидлаганди.

БМТни ислоҳ қилиш зарурати, хусусан ХКда вето ҳуқуқини бекор қилиш талаби Кенгашнинг доимий аъзоси бўлган Россиянинг Украинага қарши ҳарбий амалиёти асносида кучайган.

Нью-Йоркда 10 сентябрь куни бошланган Бош Ассамблея 79-сессияси 30 сентябрга қадар давом этади.

Беҳруз Худойбердиев тайёрлади.

ЎзА