English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нью-Йорк мэрлиги нега шунчалик муҳим? (+видео)
18:20 / 2025-11-06

Келиб чиқиши угандалик Зоҳран Мамдани Нью-Йорк мэри сайловида ғалаба қозонди. DW агентлиги ёш сиёсатчи қандай қилиб фуқароларни ўзига жалб этгани хусусида маълумот берди.

Сайловда Зоҳран Мамдани 50,4 фоиз овоз тўплаб, Нью-Йорк мэрлиги учун курашда ишончли фарқ билан устун келди. Қолган икки номзод етарли овоз йиғолмаган.

2024 йил октябрида Мамдани АҚШнинг энг йирик шаҳри раҳбарлигига даъвогарлик ниятини билдирганда кўпчилик унинг муваффақиятига ишонмаганди. Энди эса мамлакат сиёсий саҳнасида унинг тарафдорлари тобора кўпаймоқда.

Ота-онаси ҳиндистонлик Зоҳран Угандада туғилган. Онаси Мира Наир – машҳур Ҳинд-Америка кинорежиссёри, отаси Маҳмуд Мамдани эса Ҳиндистонда туғилиб, Угандага кўчган олим.

Ўғил 5 ёшлигида оила Угандадан Жанубий Африкага ўтади, икки йилдан кейин Нью-Йоркка кўчади. Зоҳран асли суриялик рассом Рама Дуважига уйланган. Кўплаб нашрлар уни Нью-Йорк тарихидаги илк мусулмон мэр, деб ёзмоқда.

Мамданининг сиёсий фаолияти жуда тез ривожланди. У 2020 йил Нью-Йорк штати Ассамблеясига сайланган. Сиёсатга киришдан олдин кам таъминланган, уйидан ҳайдалиш хавфи остида қолганларга ёрдам берган. Шу боис арзон уй-жой масаласи дастуридан асосий мавзу сифатида ўрин олган. Дарвоқе, сиёсатчининг бойлар учун солиқни ошириш, 2030 йилгача энг кам иш ҳақини соатига 16,5 доллардан 30 долларга кўтариш, болалар боғчасига бепул киришни жорий этиш, босқичма-босқич автобусда бепул саёҳат тизимини жорий қилиш каби режалари бор.

Унинг фаластинликларни қўллаб-қувватлаши ҳам танқидларга сабаб бўлган. Маълумки, Нью-Йоркда Исроилдан ташқаридаги энг кўп сонли яҳудий диаспораси яшайди. Ҳатто, шаҳардаги синагога раввини шундай деган:

– Аниқ айтаман, Зоҳран Мамдани Нью-Йорк яҳудий жамоаси учун хавф туғдиради.

Бизнес ҳамжамияти орасида ҳам хавотир бор. Миллиардер Билл Акман ижтимоий тармоқда қуйидаги сўзларни ёзиб қолдирган:

– Мамданининг бизнесга қарши сиёсати ва корпоратив солиқни ошириш режаси Нью-Йоркда иш ўринлари йўқолишига олиб келади, компанияларни шаҳардан чиқиб кетишга мажбур қилади.

Янги мэрнинг Президент билан ҳам зиддияти бор, дейишади. Нью-Йоркда туғилиб ўсган Дональд Трамп Зоҳранни ёқтирмаслигини яширмайди. Сайлов арафасида у анчайин кескин фикр билдирган:

– Агар Мамдани ғалаба қозонса, Оқ уй Нью-Йоркка қонун билан белгиланган энг кам миқдордаги маблағдан ортиқ федерал ёрдам бермайди. Етакчи бу демократ сиёсатчини бир неча хунук сўз билан “сийлаган”. Зоҳран эса жавоб тариқасида шундай деган:

– Мен Трамп билан шаҳар манфаати йўлида ҳамкорлик қилишим мумкин, лекин ўзимни таҳдид остида қолдирмайман.

Сиёсий қараши мутлақо қарама-қаршилиги сабабли, уларнинг муносабати АҚШ сиёсатида янги тўқнашув нуқтасига айланиши мумкин.

Бинобарин, сайланган мэрга ҳаммаям қарши эмас. Кўплаб яҳудийларнинг Мамданига ҳурмати баланд.

Нью-Йорк мэрлиги лавозими нега шунчалик муҳим?  

Аҳолиси 8,5 миллионга етган мазкур шаҳарга ҳар йили 65 миллион меҳмон ташриф буюради. Дунёдаги энг муҳим маданий ва молиявий марказлардан бири ҳисобланган бу мегаполис мэриясининг йиллик бюджети 116 миллиард доллар. Миқёси ва глобал нуфузи туфайли Нью-Йорк раҳбарининг фаолияти нафақат маҳаллий, балки халқаро сиёсий майдонда ҳам беқиёс аҳамиятга эга. Тарихда бир неча марта Нью-Йорк мэрлари АҚШ Президенти лавозимига номзодини қўйган, лекин, уларнинг бирортаси муваффақият қозонмаган. Балки, келажакда Зоҳран Мамданига бу насиб этар.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/tUCH5bRfFhQ" title="Nyu-York merligi nega shunchalik muhim?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Кенжа Бекжонов, Искандар Исматов, ЎзА