Тошкент шаҳар ҳокимлигида пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқов ва Нью-Йорк шаҳри мери Эрик Адамс бошчилигидаги делегация учрашуви бўлиб ўтди.
Суҳбат давомида томонлар йирик шаҳарларни ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди. Жумладан, шаҳар инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича тажриба алмашди. Тошкент ва Нью-Йорк ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини кўриб чиқди.
Шаҳар ҳокими делегацияни "Тошкентни 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси"нинг асосий йўналишлари билан таништирди. Меҳмонларга йирик шаҳарсозлик ва инвестиция лойиҳалари, "Янги Тошкент", "Янги авлод" саноат зонасини барпо этиш ва янги жамоат жойларини ривожлантириш лойиҳалари тақдим этилди.

Шунингдек, Тошкентда транспорт тизими, логистика, коммунал хўжалик соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар алоҳида муҳокама қилинди.
Нью-Йорк мери Ўзбекистондаги ўзгаришлар суръатини юқори баҳолади. У Ўзбекистон пойтахтининг ривожланиши тўғри йўналишда бораётганини ва халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар очаётганини таъкидлади.

Эрик Адамс икки шаҳар ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёрлигини билдирди ва ушбу ташриф Тошкентда амалга оширилаётган лойиҳалар билан батафсил танишиш имконини беришини таъкидлади.

Учрашув якунида томонлар шаҳарларни комплекс ривожлантириш, маданият, инновациялар ва иқтисодиёт соҳаларида узоқ муддатли ҳамкорлик учун асос бўладиган Тошкент ва Нью-Йорк ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги битимни тайёрлашга киришишга келишиб олди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА