Исроилдаги ташрифидан сўнг АҚШ Нью-Йорк шаҳрининг амалдаги мэри Эрик Адамс бошчилигидаги делегация кеча Ўзбекистон Савдо-саноат палатасига ташриф буюрди.
Палата матбуот хизматининг хабар қилишича, учрашувда Савдо-саноат палатаси раисининг маслаҳатчиси Умид Сафаров, шунингдек, юртимизнинг етакчи тадбиркорлари ҳамда бир қатор бизнес уюшмалари вакиллари иштирок этди.

Учрашувда томонлар ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, қўшма кооперация лойиҳаларини ривожлантириш ва икки ҳудуд ўртасидаги бизнес алоқаларни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Таъкидланишича, ўзаро мулоқот давомида У.Сафаров томонидан ўзбекистонлик тадбиркорларни Қўшма Штатлар капитал бозорларига тайёрлаш мақсадида Нью-Йорк фонд биржаси билан ҳамкорлик ўрнатиш, ўлкамизда АҚШнинг етакчи университетлари билан бизнес мактаби ва акселерация дастурлари яратиш, шунингдек, Тошкентда қўшма касб-ҳунар коллежини очиш таклиф этилган.

Тадбиркорлар томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Америка бозорига етказиб беришни кенгайтириш, биокимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва инновацион лойиҳаларни ривожлантириш бўйича таклифлар билдирилди.
Маълумот ўрнида: Эрик Адамс 2026 йил 1 январь куни ўз лавозимини топширади ва унинг ўрнини янги сайланган мэр Зоҳран Мамдани эгаллайди. Демократларнинг прогрессив қанотидан чиққан Мамдани ушбу лавозимда биринчи мусулмон сифатида тарихга киради.
Ў.Алимов, ЎзА