Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нью-Йорк бош прокурори фирибгарликда айбланмоқда
19:54 / 2025-10-10

АҚШ Виржиния штати ҳайъати Нью-Йорк штати бош прокурори Летиция Жеймсга нисбатан банк фирибгарлиги бўйича расмий айблов эълон қилди. Бу ҳақда маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабар берган.

Гумондор 2020 йил кўчмас мулк харид қилиш учун кредит олиш жараёнида “асоссиз маълумот тақдим этгани” айтилмоқда.

Айблов Президент Дональд Трамп танқидчиларига нисбатан бошланган кенг кўламли тергов доирасида қўйилган. Дарвоқе, куни кеча Федерал тергов бюроси (ФБР) собиқ директори Жеймс Комига ҳам шунга ўхшаш айб эълон қилинган.

Летиция хоним айбни тўлиқ инкор этиб, “асоссиз ва сиёсий интиқом ифодаси” деб атади.

– Президент давлат идораларидан шахсий манфаати йўлида фойдаланмоқда, –деган у ўз баёнотида. – Бу адолатли тизимни қурбон қилишдир.

Дональд Трамп 2024 йилги сайловда ғалаба қозонгач, сиёсий рақибларига қарши тергов жараёнини кучайтиргани ҳақида маълумот кўп. Масалан, у ижтимоий тармоқ орқали юқорида номи келтирилган икки мулозимдан ташқари сенатор Адам Шиффни ҳам терговга тортиш ҳақида гапиргани маълум.

Аввалроқ Нью-Йорк бош прокурори Трампга нисбатан фуқаролик ишини бошлаган эди. Унинг ташаббуси билан суд Трампни фирибгарликда айблаб, 500 миллион доллар жарима тўлашга мажбур этган. Кейинроқ апелляция суди жаримани “ҳаддан зиёд” деб топиб, бекор қилган.

Кузатувчилар таъкидича, Летиция Жеймс иши атрофидаги воқеалар Вашингтонда сиёсий рақобат яна кескинлашганини кўрсатмоқда.

Дилшод Ҳакимов, ЎзА