Юртимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, уларни тадбиркорликка жалб этиш, доимий даромад манбалари билан таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббус ва қарорлар жойларда, хусусан, Навоий вилояти Нурота туманида ҳам хотин-қизлар тадбиркорлигининг изчил ривожланишига кенг йўл очмоқда.

Ана шундай эзгу ташаббуслар самараси ўлароқ, туманда “Адиба каштачилик маркази” фаолияти йўлга қўйилди. Тадбиркор Баҳора Мамаражабова ташаббуси билан ташкил этилган марказ қисқа вақт ичида кўплаб хотин-қизларнинг ҳаётида муҳим ўзгаришларга сабаб бўлди
Дастлаб тадбиркор томонидан ўз хонадонида бир неча нафар аёлга кашта тикиш ҳунарини ўргатиш орқали уларнинг даромад топишига кўмаклашилди. Кейинчалик тадбиркор фаолияти туман ҳокимлиги томонидан қўллаб-қувватланиб, уни кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича аниқ таклиф ва режалар ишлаб чиқилди.
Натижада Нурота туманида ягона бўлган, 8 та хизмат турини ўз ичига олган “Адиба каштачилик маркази” ташкил этилди. Марказда миллий каштачилик анъаналари асосида турли маҳсулотлар тайёрланиб, замонавий бозор талабларига мос равишда иш олиб борилмоқда.

– Марказимиз фаолият бошлаганига бир йил бўлган бўлсада, шу қисқа вақт ичида “Устоз-шогирд” анъанаси асосида 100 нафар хотин-қиз каштачилик ҳунарига ўргатилди, – дейди Баҳора Мамаражабова. – Шу билан бирга, марказда 110 нафар хотин-қизнинг расмий бандлиги таъминланиб, улар учун доимий иш ўрни яратилди. Бу эса нафақат аёлларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлаш, балки оилалар фаровонлигини оширишга ҳам хизмат қилмоқда.

Юртимизда илгари сурилган ташаббус, қилинган меҳнат доимо эътиборга олинган ва қадрланган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига асосан каштачи Баҳора Мамаражабова “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

Жорий йилда ҳам тадбиркор Баҳора Мамаражабова томонидан туманнинг олис қишлоқ ҳудудларида қўшимча каштачилик марказларини ташкил этиш режалаштирилган. Бу режалар амалга ошса, яна кўплаб хотин-қизлар касб-ҳунар эгаллаб, доимий даромад манбаига эга бўлиши шубҳасиз.
А.Бўриев, ЎзА