Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов Нурота туманида бўлиб, бир қатор истиқболли лойиҳалар билан танишди.

Тумандаги “Оқмачит” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Саноат зонаси”да “Twin Stone” МЧЖ томонидан гранит тошларни қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Корхонада гранит тошларини қайта ишлаш ҳамда қурилиш соҳасида қўлланиладиган тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Айни пайтда корхонада қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.

“Imperial-Granit Nurota” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган умумий қиймати 5 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи лойиҳа доирасида эса гранит тошларини қайта ишлаш ҳамда экспорт қилиш йўлга қўйилган.
Корхона ускуналари Хитой давлатидан келтирилган бўлиб, ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотлар Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия давлатларига экспорт қилинмоқда.

Ҳозирда корхонада 35 нафар маҳаллий аҳоли доимий иш билан таъминланган. Лойиҳа доирасида йилига 200 минг квадрат метр тайёр гранит маҳсулоти ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Тумандаги “Саноат зонаси” ҳудудида бунёд этилаётган “Ан Руи Стоне” МЧЖ хорижий корхонаси томонидан гранитни қайта ишлаш заводи ишга тушгач эса 150 нафар фуқаро иш билан таъминланади.
“Нурфахр” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бунёд этилаётган гранитни қайта ишлаш заводи лойиҳаси Хитойнинг “Shiji Jianfa Stone” МЧЖ хорижий корхонаси томонидан амалга оширилмоқда. Умумий қиймати 100 миллион АҚШ долларига тенг бўлган йирик саноат лойиҳаси доирасида замонавий технологиялар асосида гранит маҳсулотларини қайта ишлаш йўлга қўйилади. Завод ишга тушгач, маҳаллий ва хорижий бозорлар учун юқори сифатли қурилиш материаллари ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.

Бугунги кунда аҳолини замонавий уй-жой билан таъминлаш, уларнинг турмуш шароитлари ва инфратузилмани янада яхшилаш энг муҳим вазифалардан бири бўлиб турибди. Туманда ҳам бу муаммони ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилган.
Вилоят ҳокими Нормат Турсунов туман марказидаги “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида барпо этилаётган замонавий турар-жой мажмуасининг қурилиш ишлари билан танишди.
Лойиҳа доирасида 260 хонадондан иборат 5 қаватли турар-жой бинолари, шунингдек, маҳалла гузари ва болалар майдончалари қурилиши режалаштирилган.

Жараёнда лойиҳа ҳужжатларига мувофиқлик, қурилиш сифати ва ишларнинг белгиланган муддатларда бажарилиши масалалари ўрганилди. Мутахассислар билан суҳбатда аҳоли учун қулай яшаш шароитларини яратиш ва замонавий инфратузилмани шакллантириш бугунги куннинг устувор йўналишларидан бири экани таъкидланди.
“Ғафур Ғулом” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида барпо этилаётган йирик савдо мажмуаси ва маиший хизмат кўрсатиш объекти “ЭКО бозор” ҳам туман иқтисодиёти ва аҳоли турмуш даражаси ошишига хизмат қилувчи объектлардан биридир.
Ушбу лойиҳа қиймати 15 миллиард сўмни ташкил этиб, фойдаланишга топширилгандан кейин бу ерда аҳолига савдо ҳамда маиший хизмат кўрсатилади. Энг муҳими 60 та янги иш ўрни яратилиб, маҳаллий аҳоли бандлиги таъминланади.
Вилоят ҳокими амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишиш чоғида тадбиркорлар билан суҳбатлашиб, ишлаб чиқариш жараёнларини ташкил этишда учраётган муаммоларини эшитди ва уларни ҳал этиш юзасидан ўз таклифларини билдирди.
Таъкидлаш ўринлики, ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳудуд саноат салоҳиятини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, экспорт ҳажмини кенгайтириш ва аҳоли турмуш шароитини яхшилашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири