Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нуротада ислоҳотлар қандай бораяпти?
10:44 / 2025-06-22

Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов Нурота туманида бўлиб, аҳоли фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Бугунги кунда “Нурота Агро Парранда” МЧЖда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида “Ломан Сенди” зотига мансуб 22 минг бош гўшт йўналишидаги парранда парваришланмоқда.

“Ломан Сенди” зоти Германияда селекция қилинган бўлиб, юқори самарадорлик ва тез ўсиш қобилияти билан ажралиб туради. Ушбу зот маҳаллий шароитларга мослашувчан бўлиб, маҳсулдорлиги билан бошқа зотли паррандалардан ажралиб туради.  

Суҳбат жараёнида паррандаларни сақлаш шароитлари, озиқлантириш тизими, ветеринария хизмати ва маҳсулдорлик кўрсаткичлари таҳлил қилинди.  

“Зафаржон нурли боғлари” МЧЖ чорвачилик, деҳқончилик ва боғдорчилик соҳаларида фаолият олиб боради. Хўжаликда замонавий чорвачилик комплекси қурилган. Деҳқончиликда самарадорликни ошириш мақсадида илғор агротехнологиялар жорий этилган бўлса, боғдорчиликда юқори ҳосил берадиган мева навлари етиштирилмоқда.

МЧЖда энергия тежамкорлигини таъминлаш мақсадида қуввати 120 кВт бўлган қуёш панеллари ўрнатилган бўлиб, бу электр энергияси харажатларини сезиларли даражада камайтиришга хизмат қиляпти.  

Ҳозир туманда туризм соҳасини ривожлантириш, сайёҳлар оқимини кескин ошириш, янги туризм объектларини ташкил этиш ҳамда янги иш ўринларини яратиш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.  

Вилоят ҳокими Чуя маҳалласидаги “Мафтункор Нурота боғлари” МЧЖ томонидан ташкил этилаётган капсулали уйлардан иборат дам олиш масканида бўлиб, туризм йўналишида олиб борилаётган янги лойиҳалар билан яқиндан танишди. Маҳалла ҳудудида барпо этилаётган меҳмон уйлари, эко-туризм объектларини кўздан кечирди.  

Шунингдек, маҳалла аҳолиси ва тадбиркорлар билан мулоқотда бўлиб, уларнинг таклиф ва муаммоларини тинглаш билан бирга тадбиркорликни кенгайтириш, туризм инфратузилмасини яхшилаш ва аҳолининг турмуш даражасини оширишга доир таклифларни билдирди.

Таъкидлаш ўринлики, Чуя қишлоғи сўнгги йилларда минглаб маҳаллий ва хорижий сайёҳларни жалб этаётган диққатга сазовор масканлардан бирига айланмоқда. Бу ерда сайёҳлар учун қулайлик яратиш мақсадида кемпинглар, кўнгилочар масканлар, уй меҳмонхоналари каби туристик инфратузилмалар барпо этилмоқда. Лойиҳалардан бири сифатида ҳудудда сайёҳлар учун дор йўлини қуриш ҳам режалаштирилган бўлиб, бу келгусида қишлоқнинг туризм жозибадорлигини янада оширади.

Айни пайтда қишлоққа “Туризм қишлоғи” мақомини бериш юзасидан амалий ишлар бошлаб юборилган.  

Ҳудудда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, мактабгача таълим ташкилотларига болалар қамровини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.  

Чуя маҳалласидаги 15-оилавий поликлиника 3750 нафардан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатмоқда.  

Поликлиникада бўлган вилоят раҳбари аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати бўйича шифокорлар билан мулоқотда бўлиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди ҳамда йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш бўйича ўз тавсияларини берди.

Айни пайтда Қадоқ маҳалласида жойлашган Ноғора қишлоғида янги мактабгача таълим муассасаси қурилмоқда. Лойиҳага кўра, ушбу мактабгача таълим ташкилоти 60 ўринга мўлжалланган. Ҳозир қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Мазкур боғчанинг фойдаланишга топширилиши тоғли ҳудуд аҳолиси, айниқса, ота-оналар учун бир қатор қулайликлар яратиши билан аҳамиятлидир.  

Ўрганишлар давомида вилоят ҳокими Қирҳовут қишлоғида жойлашган оилавий шифокорлик пункти ва “Чашма” зиёратгоҳида бўлиб, олиб борилаётган ишлар бўйича ўз тавсияларини берди.

А.Бўриев, ЎзА мухбири