Навоий вилоятининг Нурота туманида туризм ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга қаратилган амалий ишлар изчил давом этмоқда. Айниқса, жорий этилган махсус солиқ режими маҳаллий тадбиркорлар учун янги имкониятлар эшигини очди.
Мазкур тартиб меҳмонхона (жойлаштириш), савдо, умумий овқатланиш, кўнгилочар хизматлар, туроператор ва турагентлик фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, ҳудудда туризм инфратузилмасини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилмоқда.
Катта сой маҳалласининг умумий ер майдони 35 минг гектарни ташкил этади. Ҳудудда 400 га яқин хонадон мавжуд бўлиб, 2000 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Айни пайтда маҳаллада 11 та туризм объекти фаолият юритмоқда. Шундан 6 таси экотуризм йўналишига ихтисослашган бўлса, 1 та маданий мерос объекти сайёҳлар эътиборини тортмоқда.
Оилавий тадбиркорлар томонидан 6 та оилавий меҳмон уйи ташкил этилган. Яқин истиқболда яна 6 та оилавий меҳмон уйи ва 5 та туризм хизмати объекти ишга туширилиб, жами 11 та янги тадбиркорлик субъекти фаолият бошлаши режалаштирилган. Бу эса ҳудудни туризмга ихтисослашган масканга айлантиришда муҳим қадам бўлади.
– Бугунги кунда маҳаллада амалга оширилиши режалаштирилган йирик инвестицион лойиҳа туман туризм салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари Саъдулла Мирзаев. – Табиий тоғ манзаралари, мусаффо ҳаво ва сойлар билан ажралиб турадиган ушбу масканда замонавий туризм инфратузилмаси яратиш кўзда тутилган. Лойиҳа доирасида 20 та оилавий меҳмон уйи, 70 та модул ва капсулали жойлаштириш воситалари барпо этилади. Қуёш панелли тунги ёритиш тизими жорий қилиниб, табиий ландшафт фонида томоша майдончаси ва дам олиш ҳудудлари ташкил этилади.
[gallery-27937]
Қўшимча равишда 20 та гастро уй, 10 та сув ҳавзаси, 15 та савдо нуқтаси, 5 та ҳунарманд уйи, 3 та уй-музей, 5 та Wi-Fi нуқтаси ва 20 та отда сайр йўналишлари ташкил этилиши режалаштирилган. Томоша майдончаси қурилиши учун 1,5 миллиард сўм инвестиция йўналтирилиб, йиллик 120 минг нафаргача ташриф буюрувчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилади ва 10 та янги иш ўрни очилади. Шунингдек, 350 миллион сўмлик “Zipline” лойиҳаси амалга оширилиб, йиллик 60 минг нафаргача сайёҳни қабул қилиш ҳамда 5 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган.
Умуман олганда, лойиҳа тўлиқ амалга оширилгандан сўнг йиллик 150 минг нафаргача сайёҳ ташрифи таъминланади ва 120 та янги иш ўрни яратилади. Ҳудудга “Туризм қишлоғи” мақомини бериш режалаштирилган. Бу ташаббуслар экологик, оилавий ва экстремал туризм йўналишларини ривожлантириш, маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Нурота туманида амалга оширилаётган мазкур лойиҳалар ҳудуднинг туристик жозибадорлигини ошириш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва маҳаллий бюджет тушумларини кўпайтиришга мустаҳкам замин яратмоқда. Бу эса туризмни иқтисодиётнинг муҳим драйверига айлантириш йўлидаги амалий қадамлардан биридир.
А. Бўриев, С. Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари