Мустақиллигимизнинг қутлуғ 31 йиллиги байрами олдидан нуроталик фахрий журналист Шарбат Мухторованинг туман ёш ижодкорлари учун “Нурнома” газетаси ҳузурида “Маҳорат мактаби” ташкил этилди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси - Навоий вилоятининг Нурота туманида ижод қилиб келаётган устоз журналист, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси Шарбат Мухторова жорий йил 73 ёшни қарши олди.
Устоз журналист қарийб 50 йил турли матбуот, оммавий ахборот воситаларида фаолият олиб борди.
Пурвиқор тоғлар бағрида жойлашган, тарихий қадамжолар ва улуғ зиёратгоҳларга бой бўлган Нурота тумани нафақат ишлаб чиқариш, тадбиркорлик, чорвачилик соҳаси ривож топган замин, балки маънавий-маърифий, ижодий муҳит янада сайқалланган макон ҳисобланади. Зеро, бу макон қанчадан-қанча ижодкорлар, шоирлар, олимлар ва фузалоларнинг камол топишига бешик бўлган.
[gallery-8596]
Ш.Мухторова фаолиятини дастлаб Нурота туманидаги “Илғор чорвадор” газетасида мусаҳҳиҳликдан бошлаб, узоқ йиллар таҳририятда турли вазифаларда фаолият кўрсатди. Бир неча йил Нурота тумани радиоси, туман телевидениеси бош муҳаррири, Нурота тумани босмахонаси директори сингари масъул вазифаларда сидқидилдан меҳнат қилди.
Устоз журналистнинг самарали меҳнатлари муносиб эътироф этилиб, 2002 йилда давлатимизнинг юксак мукофоти - “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди. 2018 йилда эса II-даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан рағбатлантирилди.
Айни пайтда у Нурота туманининг “Нурнома” газетасида фаолият кўрсатиб келмоқда. Бугун Шарбат Мухторованинг таълимини олган юз нафарга яқин шогирдлари нафақат Нурота туманида, балки вилоят, республиканинг турли оммавий ахборот воситаларида фаолият юритмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан ҳудудларда фахрий журналистларнинг “Маҳорат мактаби” фаолияти тизимли йўлга қўйилмоқда.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА