Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нурота туманида 1 минг 30 гектар майдонда маданий каврак плантациялари ташкил этилди
14:32 / 2024-01-05

Бугунги кунда мамлакатимиз яйловларида 93 минг гектардан ортиқ каврак ўсувчи майдонлар мавжуд бўлиб, мазкур йўналишда 7 та кавракчилик кластери ташкил этилган. Маълумки, каврак ўсимлигининг ёғингарчилик мавсуми бошланиши олдидан экилиши ўсимликнинг кейинги ривожланиши учун фойдали бўлиб хизмат қилади. Яна бир жиҳати шундаки, ўсимликни экиш учун қулай вақтни танлаш катта аҳамиятга эга. Кучли шамол вақтларида уруғларни экиш тавсия этилмайди.

Навоий вилояти Нурота туманида кавракчилик билан шуғулланувчи “Ferula export cluster” МЧЖ томонидан 1 минг 30 гектар яйлов ер майдонларига техника ҳамда қўл кучи ёрдамида маданий каврак плантациялари ташкил этилди. Мазкур плантациялар бўйича Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Кадастр агентлиги туман бўлими масъул ходимлари иштирокида далолатномалар тузилди. 

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 27 апрелдаги “Республикада каврак етиштиришни ривожлантириш ва саноатлаштиришни рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасига республикада ёввойи ҳолда ўсувчи каврак ўсимлиги табиий захираларини сақлаш, уларнинг қайта тикланишини таъминлаш, маданий усулда каврак плантацияларини яратиш ҳамда қайта ишлаш корхоналари ва уй хўжаликлари ўртасида кооперацияни йўлга қўйиш, кавракдан олинадиган хом ашёни қайта ишлаш ҳамда тайёр ва ярим тайёр маҳсулот сифатида экспортга чиқаришни таъминлаш вазифалари қўйилган. 

Шунга кўра, 2022–2026 йилларда яна 30 минг гектар майдонда каврак плантацияларини барпо этиш назарда тутилган. 

Гулноза Бобоева, ЎзА