Нуронийларнинг ҳаётий тажрибаси ёшлар учун ибрат мактаби саналади
Халқимизда ёши улуғларни эъзозлаш, ўгитларига қулоқ тутиш қадрият саналади. Уларнинг билим ва ҳаётий тажрибалари ёш авлодга ибрат. Шу жиҳатдан ҳам бугун мамлакатимизда нуронийларнинг ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлашга эътибор юқори.
«Нуроний» жамғармаси республика бошқаруви раиси ва Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи бир гуруҳ фахрийлар билан Улуғнор туманидаги 6-мактабида бўлди.

«Уч авлод учрашуви»да дарс жараёнлари ва яратилган шароитлар билан танишилди. Ўқувчилар билан самимий суҳбат ўтказилди. Уларнинг фикр, мулоҳазалари тингланди. Истеъдодли ўқувчилар томонидан саҳна кўринишлари намойиш қилинди.

Фахрийлар ўз ҳаётий тажрибаси, эришган ютуқлари ҳақида ёшларга сўзлаб берди. Ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Фаол ўқувчилар ҳамда мактаб жамоасига эсдалик совғалари топширилди.
Худди шундай тадбирлар туманнинг бошқа мактабларида ҳам бўлиб ўтди.
И.Аввалбоев, ЎзА