Бухорода турли соҳаларда кўп йиллар давомида ҳалол ва самарали меҳнат қилган фахрийлар ҳамда жамиятимизда ҳурмат қозонган оналарнинг катта гуруҳига “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонларини тантанали топшириш тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фахрийлар ва ёшлар қатнашди.
Унда сўзга чиққанлар мамлакатимизда нуронийларга давлат ва жамият томонидан ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жамият ҳаётида фаол иштирок этишини таъминлаш, нуронийнинг кўп йиллик хизматини муносиб тақдирлаш борасида амалга оширилаётган эзгу ишлар ҳақида гапирди.
Президентимиз бошчилигида юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг марказида кексаларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш масаласи ўрин олаётгани тадбирда алоҳида қайд этилди.
Катта авлоднинг жамият, иқтисодиёт, ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалар ривожида, оилалар ва маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, шунингдек, ёш авлодни кўп асрлик анъаналаримизни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш ишида ўрни беқиёс эканлиги таъкидланди.
Йиллар давомида элга хизмат қилган, эндиликда бой меҳнат тажрибаси, ҳаётий ҳикматлари билан жамият тараққиётига ҳисса қўшаётган инсонларнинг “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланиши нуронийларга бўлган юксак эҳтиромнинг муносиб намунаси эканлиги эътироф этилди.
Тадбирда вилоятнинг барча шаҳар ва туманлардан келган 51 нафар фахрийларга I, II ва III даражали кўкрак нишонлари топширилди.
[gallery-25629]
– Бугун кўп йиллар давомида жамиятнинг турли соҳаларида ҳалол ва самарали меҳнат қилганим эътироф этилди, – дейди журналист Раъно Раҳимова. – Бундан жуда ҳам хурсанд бўлдим. Ҳаётим давомида ёш авлодни она-Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашда ўзимизнинг меҳнатимизни, ўгитларимизни аямаймиз.
Вилоят таниқли санъаткорлари, ашула ва рақс ансамбллари ижросидаги куй-қўшиқлар йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.