Мамлакатимизда нуронийларнинг дуоларини олиш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш борасидаги эзгу ишлар ҳажми тобора ортди.
Пойтахтимиздаги Касаба уюшмалари саройида табаррук нуронийларимизга "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишонини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон "Нуроний" жамғармаси Васийлик Кенгаши Раисининг ўринбосари, Ўзбекистон Қаҳрамони Содиқжон Турдиев мамлакатимизда кечаётган шиддатли янгиланишлар жараёнида табаррук ёшдаги инсонларга ҳурмат кўрсатиш, уларни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш борасида катта ҳажмдаги ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.
Эътироф этилганидек, Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги тегишли фармонида Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган кўплаб эзгу ташаббуслар илгари сурилган.
[gallery-26492]
Юртимизда қабул қилинаётган миллий қонунчиликда фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш соҳасидаги жамғарманинг ролини кучайтириш, унинг фаолиятини янада такомиллаштириш, фахрийларнинг жамоатчилик ва ижтимоий ҳаётдаги иштирокини ошириш, жамғарманинг молиявий ва ташкилий фаолиятини янада кучайтириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, кексаларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ривожи йўлида меҳнат қилиши, саломатлигини асраш, ёлғиз, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган кексаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича янги ташаббуслар илгари сурилмоқда.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, турли вазирликлар, ҳуқуқ-тартибот соҳаси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва унинг тизимидаги институтлар, Бадиий академия, Дин ишлари қўмитаси, Мусулмонлар идораси, санъат ва маданият муассасалари, партиялар, маҳалла фаоллари, ижтимоий соҳа вакилларига, турли жамоат ташкилотларида узоқ йиллар ишлаган нуронийларга "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишони ва эсдалик совғалари топширилди.
– Кексалари эъзозланган, ҳалол меҳнат қадр топган шундай юртда яшаётганимдан беҳад мамнунман, – деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент шаҳар кенгаши ижтимоий суғурта бўлими етакчи мутахассиси Анбархон Эшниязова. – Нуронийларга кўрсатаётган чексиз эътибори учун Президентимизга миннатдорлик билдираман.
Тантанали тадбирда мумтоз куй-қўшиқлар ижро этилди.
Назокат Усмонова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА