Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нуронийларга “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони топширилди
18:58 / 2024-10-19

Пойтахтимиздаги «Ўзбекистон касаба уюшмалари саройи»да Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Васийлик Кенгаши қарори билан мамлакатимиз тараққиёти, юрт равнақи, жамиятимиз ривожи йўлида фаол меҳнат қилган, ҳозир ҳам жамоатчилик ишларида намуна бўлаётган ёши улуғ юртдошларимизга “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Музаффар Комилов, “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор Содиқжон Турдиев, мазкур жамғарма бошқаруви раисининг ўринбосари, устоз журналист Шароф Убайдуллаев кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганини таъкидлади.  

[gallery-19843]

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда 2017 йил 14 июлдаги “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарори асосида ҳар йили “Нуроний” жамғармаси Васийлик Кенгаши томонидан узоқ ва самарали меҳнат қилган, эл-юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшган юртдошларимиз “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирлаб келинмоқда.

[gallery-19844]

Бу йил ҳам ўз фаолияти билан эл-юртимиз, жамият равнақига муносиб улуш қўшаётган ёши улуғ ватандошларимизнинг катта гуруҳи мазкур кўкрак нишонига сазовор бўлди.

Улар сафида фан, таълим, адабиёт, санъат, спорт, соғлиқни сақлаш, ҳуқуқ-тартибот, журналистика  соҳаси вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Олий Мажлис Қонунчилик паталаси вакиллари бор.  

Эътиборга молик жиҳати, “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонига муносиб кўрилганлар сафида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги - ЎзА ходими Фатхиддин Самариддинов ҳам бор.  

–  2016 йил “Нуроний” жамғармаси фаолиятида туб бурилиш йили бўлди, - деди жамғарма бошқаруви раисининг ўринбосари Шароф Убайдуллаев. –  2020 йилда тузилмамизга янада юқори мақом берилди. Эндиликда жамғарманинг бирон-бир ташвиши ўз зиммасида қолган эмас. Президентимизнинг кўрсатаётган ғамхўрликларини ҳеч нарса билан таққослаб бўлмайди. Дунёнинг бирон бир давлатида нуронийлар бизнинг юртимиздагидек эъзозланмайди. “Нуроний”дек тузилма дунёнинг бирорта давлатида йўқ. Озарбайжонда туркий давлатлар оқсоқолларининг йиғилишида Ўзбекистон нуронийларининг шароитлари ҳақида сўз борганида, бизга жуда ҳавас қилишди. Президентимиз бу йўналишдаги барча ишларни жой-жойига қўйдилар. “Уч авлод учрашувлари” фаол ўтказилмоқда. Ўйлайманки, бугун “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонига муносиб кўрилганлар бизлар билан камарбаста бўлиб ишлайдилар.    

Тошкент Педиатрия тиббиёт институти академик лицейи директори Ортиқбой Ишанқулов мамлакатимизда юз нафардан зиёд иқтидорли ёшларнинг фан олимпиадаларида фаол қатнашиб, олтин, кумуш, бронза медалларига сазовор бўлиши, эллик нафардан ортиқ ёшнинг диплом ва сертификат билан тақдирланишига муносиб ҳисса қўшган.  

–   Президентимизнинг биз – нуронийларга кўрсатаётган улкан эътиборидан ғоят мамнун бўлдик, – деди Ортиқбой Ишанқулов. –  Бундай савобли юмушлар бизларни ёшлар таълим-тарбиясига янада кўпроқ масъулият билан ёндашишга чорлайди.  

–  Бугун мактабларда болалар мақом айтишмоқда, – деди мусиқашунос олим Сойибжон Бегматов. – Юртимизда мақом санъатига қаратилаётган эътибордан руҳланиб, биз ҳам ёшларга мақом сирларини ўргатишда ўз ҳиссамизни қўшаяпмиз.  

Тантанали тадбирда “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони ўз эгаларига тантанали тарзда  топширилди. Санъат усталари иштирокида катта концерт дастури намойиш этилди.  

Назокат Усмонова,

Рустам Назарматов, Носиржон Ҳайдаров(сурат), ЎзА