Жиззах шаҳридаги “Шоҳсарой” мажмуасида безатилган тўкин дастурхон атрофида Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев фаол нуронийлар билан учрашув ўтказди.
Учрашувда мамлакат тараққиёти, жамиятда барқарорлик ва бирдамликни таъминлашда нуронийларнинг ўрни беқиёс экани алоҳида таъкидланди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони нуронийларга бўлган юксак ҳурмат ва эътиборнинг амалий ифодасидир.

Тадбир доирасида юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшган ва ёшларни Ватанни севиш руҳида тарбиялашда фаол иштирок этаётган 58 нафар нуроний “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Шунингдек, вилоятда нуронийлар фаоллигини ошириш ва уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Жорий йил давомида 21 мингдан ортиқ нуронийга амалий ёрдам кўрсатилди. 13 минг 258 нафар фуқаро бепул тиббий кўрикдан ўтказилган, 3 минг 15 нафарига дори-дармон ва озиқ-овқат тарқатилган. Шунингдек, 761 нафар нуроний соғломлаштириш муассасаларига юборилган, 32 нафарининг эса уй-жойлари таъмирлаб берилган.

“Нуроний ҳар бир оилага масъул” ва “Камбағалликдан фаровонлик сари” лойиҳалари доирасида 600 дан зиёд нуроний фаол оилаларга бириктирилган, шунинг натижасида 800 га яқин муаммоли масалалар ўз ечимини топди. Учрашув якунида нуронийлар хизмати яна бир бор эслаб ўтилди, эсдалик учун суратга тушилди.
А.Қаюмов,
Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА