Кексаларни эъзозлаш, уларга доимо эътиборли, меҳрли бўлиш қон-қонимизга сингиган қадриятларимиздан. Уларнинг ҳаёт тажрибаларида синалган бебаҳо ўгитлари оилаларнинг тинч-тотув, тўкис яшашида, фарзандлар тарбиясида қанчалар зарурлигини ҳаммамиз яхши биламиз.
Ёши улуғлар билан маслаҳатлашиб иш тутиш, иш бошлашдан олдин уларнинг дуосини олиш энг қадрли анъаналаримиздандир. Бунинг маъно-моҳияти “Қари билганни пари билмас”, деган нақлда ҳам яққол акс этган. Азалдан халқимиз кўплаб эзгу ишларида кўпни кўрган отахону онахонларнинг маслаҳатларига таянади.
Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида ижтимоий адолат тамойили асосида аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини, нуронийларни қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни бартараф этиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган. Аслида бу юртимиздаги халқпарвар ишларнинг узвий давомидир. Бугунги кунда юртимизда 3 миллиондан ортиқ нуронийлар истиқомат қилади. Уларнинг ҳар бири: пенционерлар, кексалар, ногиронлиги бор юртдошларимизга ғамхўрлик қилиш, саломатлигини асраш давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътиборида.
Ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ҳар йили санаторийларда даволаниши, кам таъминланган нуронийларнинг дори-дармон ва ортопедия мосламалари, жарроҳлик амалиётлари харажатлари давлат томонидан қоплаб берилаётгани, кексаларнинг жисмоний машқлар билан шуғулланиши, театр ва музейларга бориши, юртимиз бўйлаб саёҳат қилиши учун енгилликлар белгилангани юртимизда инсон қадри ҳақиқатда ҳам юксалиб бораётганини намойиш этади. Бугун дунё миқёсида давом этаётган зиддиятлар, пандемиядан кейинги мураккаб молиявий танглик шароитида кексалари, пенционерлари ҳақида қайғуриш ҳамма давлатнинг ҳам қўлидан келмайди. Бугун ҳатто ривожланган Европа давлатларида пенсияга чиқиш ёшининг узайтирилгани фикримизни исботлайди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев эса Президентликка киришганининг илк давриданоқ кекса авлод вакилларига алоҳида меҳр кўрсата бошлади. 2016 йилнинг 26 декабрида “Кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни биринчилар қаторида имзоланди. Мазкур қонун ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги қарорида кекса авлод вакилларига нисбатан ғамхўрлик ва эътиборни кучайтириш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, кексаларнинг ҳаёт фаолияти ва дам олишини ташкил этиш тизимини сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш; ёлғиз кексалар, пенционерлар, ногиронларни аниқ манзилли ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш, уларга кўрсатиладиган уй-жой-маиший ҳамда бошқа яшаш шароитларини яхшилашга йўналтирилган моддий ёрдамни кенгайтириш; қариялар, ногиронлар ва ёлғиз кексаларни даволаш, тизимли соғломлаштиришни ташкил этиш, профилактика тадбирларини кенгайтириш, кўриш ва эшитиш органлари, ҳаракат-таянч тизими касалликларини ҳамда юрак-қон томир касалликларини даволашнинг замонавий усуллари билан қамраб олиш ва улардан баҳраманд этиш йўли билан уларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий ёрдам даражаси ва сифатини ошириш; муҳтож кексалар ва ногиронларни сифатли ёрдамчи ва техник реабилитация воситалари билан таъминлаш даражасини ошириш, уларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш чораларини кўриш, тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш устувор вазифалар этиб белгиланди. Бу вазифаларни бажариш учун қарор билан "2017-2020 йилларда кексалар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари комплекси” тасдиқланди ва унинг ижроси доимий назоратга олинди. Президентимизнинг 2022 йил 15 март куни “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини ҳам шу ўринда эслаб ўтмоқчиман.
2019 йил давлатимиз томонидан кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, 2019 йилдан бошлаб ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтаси республикамизда “Кексалар ҳафталиги” этиб белгиланди. Бу бежизга эмас, албатта. Чунки кекса-нуронийлар хонадонимиз кўрки, дастурхонимизнинг эса файзу-баракотидир. Уларнинг қилган хайрли дуоси ҳаётимиз, оилаларимиз, Ватанимиз ҳамда йўлимизни нурафшон этиб туради ва яхши ишларга ундайди. Дарҳақиқат, ёши улуғ отахону мўътабар онахонларимизни эъзозлаш ва уларни қадрлаш, уларнинг ҳурматини жойига қўйиш бизнинг узоқ асрлик урф-одатларимиз, миллий анъаналаримиз ҳамда яшаш тарзимизнинг ажралмас бир бўлагига айланган, десак асло муболаға бўлмайди. Бу биринчи навбатда, кекса авлод вакилларига бўлган ғамхўрлик ва эътиборни кучайтириш бўлса, иккинчидан, ёш авлод учун улкан тарбия ва тажриба мактаби бўлади.
Муқаддас динимиз ҳамма вақт инсонларни бир-бирига яхшилик қилишга буюради. Хусусан, гўдаклар, аёллар ва кексаларга янада кўпроқ эътибор қаратишга чақиради. Кексаларнинг борлиги биз учун улкан бахт-саодатдир. Уларнинг қилган дуолари туфайли Аллоҳ бизларни турли бало-офатлардан сақлайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар: “Агар ораларингизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганда эди, бошингизга балолар оқиб келарди”. Шундай экан барчамиз ким бўлишимиз ёки қайси касб эгаси бўлишимиздан қатъий назар “Қария отахон ва мўътабар онахонларимизни ҳозирги давр ёшларига гўёки бир тўғоноқ эмас – суянчиқ, рақиб эмас – устоз, ҳамда бизнинг буюк келажагимизга бефарқ эмас, балки ҳамдард” – деб билишимиз лозим бўлади. Бу тушунчани эса жамиятга татбиқ этилишини, авваламбор, муқаддас динимиз, қолаверса, давримизнинг талаби ва таклифи, деб билмоғимиз даркор бўлади. Кексаларни эъзозлашдек халқимизга хос қадрият азалдан миллатни бир-бирига жипслаштириш, одамлар орасида меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилганига кўҳна тарихимиз гувоҳдир.
Дарҳақиқат, кексалари бор хонадонда қувонч, файзу барака, хотиржамлик бор. Кексаларга эҳтиром, эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш эса азалий қадриятларимиздан ҳисобланади. Мамлакатимиз асосий Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафилидир. Янгиланган Конституциямизда ҳам нуронийларимиз ҳақ-ҳуқуқлари мустаҳкамлаб қўйилди. Хусусан, Конституциявий қонун лойиҳасининг 46-моддасида “Ҳар ким қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, ишсизликда, шунингдек боқувчисини йўқотганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот ҳуқуқига эгалиги, қонунда белгиланган пенсиялар, нафақалар ва бошқа турдаги ижтимоий ёрдамнинг миқдорлари расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмаслиги, 57-моддада эса “Меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир”, деб ёзиб қўйилди. 80-моддада “Вояга етган меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар, деган нормалар белгиланди.
Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор йўналиши бўйича Тараққиёт стратегияси асосида кекса авлод вакилларини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш, уларнинг турмуш шароитини яхшилаш, фаол ва мазмунли ҳаёт кечиришларини таъминлаш, бой ҳаётий тажрибасидан кенг фойдаланишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирларнинг амалга оширилиши белгиланди. Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган кексаларга ёрдам бериш, уларнинг ҳаётини мазмунли ташкил этиш учун тўловлар миқдорини ошириш ва уларга кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар кўламини кенгайтириш, янгидан ташкил этиладиган сиҳатгоҳларда ҳамда мавжуд дам олиш масканларида жами минглаб нуронийларнинг соғлиғини тиклаш устувор вазифага айланди.
Бугун нуронийларимиз ижтимоий ҳаётда фаол. Айниқса, маҳаллаларда нуронийларнинг ўз ўрни, айтар сўзи ва сўзининг салмоғи бор. Қари билганни пари билмас, деган гап бежиз эмас, ахир. Уларнинг ҳаёт тажрибаси, рўзғор паст-баландини яхши билиши ёшлар учун мактаб вазифасини ўтайди. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбарининг шу йил 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида вилоят, туман ва шаҳарларда жамоатчилик асосида фаолият олиб борувчи Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари, маҳаллаларда “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари ташкил этилиши белгиланганди. Қарорга кўра, вилоят ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлари “Нуроний” жамғармаси бўлимлари Васийлик кенгашлари раиси этиб белгиланди, жамғарманинг вилоят, туман (шаҳар) бўлимлари раисларига эса ҳокимларнинг маслаҳатчиси мақоми берилди. Тошкент шаҳридаги маҳаллаларнинг барчасида “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари тузилди. “Бир нуроний ўн ёшга масъул” тамойилига мувофиқ ёшлар ҳар бир маҳалладаги ҳаётий тажрибага эга бўлган, замонавий фикрлайдиган фаол нуронийларга бириктирилди. Шунингдек, умумтаълим мактаблари, олий таълим муассасалари, мактабгача таълим ташкилоти маънавий-тарбиявий ишларига нуронийлар ёрдам беряпти. Бу фаолларимиз таълим муассасаларида ўқувчиларнинг дарслардаги иштироки ва ўзлаштиришини ўрганяпти. Шу асосида ўқитувчилар ва ота-оналарга зарур тавсия ва маслаҳатлар берилмоқда. Дарсларга сабабсиз қатнашмаётган ёки мунтазам дарс қолдирадиган, тарбияси оғир ёшлар билан уларнинг хонадонларига бориб, ота-оналари иштирокида суҳбатлар ўтказилди. Маҳаллалардаги ўрганишлар натижасида ажрим ёқасига келиб қолган, ичкиликка берилган, оилавий келишмовчилиги бўлган нотинч оилалар аниқланиб, уларнинг ҳар бирига маҳаллалардаги “Кексалар маслаҳати” гуруҳининг бир нафардан аъзолари бириктирилди.
Маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ёшлар таълим-тарбиясига эътиборни кучайтириш, оилалардаги келишмовчилик ва бошқа нохуш ҳолатларнинг олдини олишда кексалар, ўрта ва ёш авлод вакиллари иштирокида ўтказилаётган “уч авлод учрашувлари” ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Нуронийларнинг ёшлар билан ишлаш борасидаги тажрибаларини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш мақсадида “Бир нуроний ўн ёшга масъул” кўрик-танловларини ўтказиш анъанага айланди.
Давлатимиз раҳбарининг қарорида нуроний ва фахрийлар, айниқса, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексаларнинг муаммоларини ўрганиш ва уларни ҳал этиш юзасидан ҳам вазифалар белгилаб берилган. Шу асосида ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган нуронийларнинг рўйхатлари маҳаллабай тарзда шакллантирилди. Бугунги кунда уларнинг 230 нафарига 1 миллион ва 1,5 миллион сўмдан ёрдам кўрсатилиб, аксариятининг муаммолари ҳал этилди. Ўнлаб ёлғиз кекса республикамизнинг турли санаторияларида “Нуроний” Тошкент шаҳар жамғармаси маблағлари ҳисобидан дам олиб, соғликларини тиклаб келди. Бундан ташқари, шаҳар туманларида кексалар учун бепул тиббий кўриклар ташкил этилди. Соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш мақсадида фахрийлар иштирокида спорт мусобақалари уюштирилди. Шунингдек, кексаларнинг республикамиз бўйлаб саёҳатларини ташкиллаштириш бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, йил бошидан буён “Нуроний” жамғармаси Тошкент шаҳар бўлими маблағлари ҳисобидан 800 нафарга яқин нуронийларнинг Бухоро, Самарқанд, Шаҳрисабз, Хива каби қадимий шаҳарларга, Тошкентнинг диққатга сазовор жойларига, Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрига зиёратлари, саёҳатлари уюштирилди. Нуроний отахон ва онахонларимизнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари учун театрларга ташрифлари таъминланяпти. Хусусан, 2000 дан зиёд кекса авлод вакилларининг театрларга тушишлари учун чипталар олиб берилди. Ўз навбатида бугун кексалик босқичида умр кечираётган ҳамюртларимизнинг соғлиғини мустаҳкамлаш, ҳар бир кунининг мазмунли ўтишига эришиш борасида ҳам яхши ишлар амалга ошириляпти. Кексаларнинг умумий аҳволидан келиб чиққан ҳолда уларнинг тиббий хизматдан фойдаланиши, сиҳатгоҳларда дам олиши таъминланмоқда. Беморлар ҳолидан хабар олиниб, аравача ва бошқа жиҳозларга эҳтиёжмандларнинг истаклари қондирилмоқда.
Маҳаллаларда туман ҳокимликлари ҳамда “Нуронийлар” жамғармаси ҳамкорлигида “Уч авлод учрашуви” ўтказилмоқда. Тадбирларда турли соҳаларда самарали фаолият юритган меҳнат фахрийлари, ижодкорлар, нафақадаги устозлар, катта ва ўрта авлод вакиллари ўз ҳаётий тажрибалари, босиб ўтган ибратли умр йўллари ҳақида ёшларга ҳикоя қилишаётгани эътиборга молик. Бундай тадбирларда нуронийлар бугунги кунда мамлакатимизда ёшларга яратиб берилаётган имкониятлар хусусидаги мулоҳазаларини билдириб, буюк аждодларга муносиб бўлиш, юртимиз тараққиётига дахлдорлик ҳисси билан яшаш ҳар бир ёшнинг муқаддас бурчи эканини таъкидламоқдалар.
Тинчлик-осойишталик ҳукм сураётган юртимизда ёши улуғларни эъзозлаш, кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтириш, уларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини яхшилаш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, соҳага оид 10 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинди, нуронийларнинг ижтимоий фаолликларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Фахрий мураббий” ордени ва “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони таъсис этилди.
Кексалар учун республикамизда “Нуронийлар маскани” мажмуалари ташкил этилди, барча ишловчи пенционерларга пенсияларни тўлиқ миқдорда тўлаш йўлга қўйилди. “Кексалар ҳафталиги” ва “Кексалар учун туризм ойлиги”ни ўтказиш анъанага айланди. Бунга жавобан фахрийларимиз жамият ҳаётида ўз фаолликлари билан ёшларга ибрат бўлишга астойдил ҳаракат қилишмоқда. Ўз ҳаётий тажрибалари, қимматли маслаҳат ва ўгитлари, шахсий ибратлари билан барча соҳаларда амалий ёрдам кўрсатишмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 15 мартдаги “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ҳам нуронийларнинг ана шу ибратли ишлари, кўп йиллик тажрибаларини амалга татбиқ этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Албатта, қарорда нуроний отахон ва онахонларнинг айни кўнглидаги масалалар эътироф этилган ва бу муҳим ҳужжат янада кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшиши табиий.
Таъкидлашим лозимки, шаҳримиздаги ҳар бир маҳалладаги нуронийлар орасида фидойи инсонлари бор, улар кўпчиликни ташкил этади. Буни маҳаллаларимизда амалга оширилаётган ободончилик, яратувчилик ишларидаги уларнинг иштирокида ҳам кўриш мумкин. Шаҳримизнинг ҳар бир масканида “Яшил макон” акцияси доирасида мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилиб, ҳудудларимиз яшиллиги таъминланмоқда. Мен ўзим мана шу эзгу ишларга ҳудудда истиқомат қилиб келаётган нуронийларнинг иштирокини кузатиб, беҳад қувондим.
Бир сўз билан айтганда, нуронийларимиз ҳар бир хайрли ишга бош-қош бўлишмоқда. Фахрий ўқитувчилар ўзлари кўп йиллар фаолият юритган таълим муассасаларида ёшлар тарбияси борасидаги ишларга яқин маслаҳатгўй. Нафақадаги шифокорларимиз “Устоз-шогирд”лик анъаналарини давом эттиришмоқда. Қабристонларни ободонлаштириш, маърака ва маросимларни тартибли ўтказиш, оилалар мустаҳкамлигига эришиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш каби ҳаётий масалалар доимий эътиборда.
“Нуроний” жамғармаси Тошкент шаҳар бўлими томонидан пойтахтимизнинг Чилонзор, Учтепа, Янгиҳаёт, Шайхонтоҳур, Олмазор ва бошқа туманларида фахрийларимиз учун “Оталар чойхонаси”, “Уч авлод учрашуви”, “Бир пиёла чой устида” каби ўнлаб тадбирлар ўтказилди. Уларда ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этган нуронийларимиз, фахрийларимиз қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди, “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланганларга мукофотлар топширилди, санъат усталарининг чиқишлари ташкил этилди. 100 ёшга тўлган ва ундан ошган фахрийларни туғилган кунлари билан табриклаш, иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш, спорт билан шуғулланадиган кексаларга уларнинг абонемент тўловларини қоплаб бериш, меҳрга муҳтож, ёлғиз пенционерларнинг даволаниши ва жарроҳлик амалиётлари учун кетадиган харажатлари қоплаб берилиши, уларнинг музейларга ташрифларини ташкил этиш ва бошқа қатор савобли ишлар учун 2022 йил “Нуроний” жамғармасининг Тошкент шаҳар бўлими томонидан 1 миллиард 814 миллион сўмга яқин маблағ сарфланди.
Кекса авлод вакилларига давлат ва жамият томонидан диққат-эътибор, ғамхўрлик кўрсатиш изчил ва тизимли равишда оширилганлиги ҳамда уларни ижтимоий муҳофаза қилишни, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашни янада кучайтирилганлиги натижасида аҳолининг фаровонлиги ошди ва кишиларнинг турмуш сифати яхшиланди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Энг асосийси, ислоҳотларимиз натижасини юртимизда яшаётган ҳар бир инсон, ҳар бир оила ўз кундалик ҳаётида ҳис этиши керак. Барча бўғиндаги раҳбарлар қоғоздаги ҳисоботлар, фоиз ва рақамлар ортидан қувмасдан, ҳар қайси фуқаро учун, унинг ҳаётий эҳтиёж ва орзу-умидларини рўёбга чиқариш учун ишлаши шарт. Шунда нуроний кексаларимиз, муҳтарам отахон ва онахонларимиз, ҳурматли аёлларимиз, азиз фарзандларимиз, жажжи набираларимиз – кўп миллатли бутун халқимиз биздан рози бўлади”, деб айтган фикрлари бу соҳада қилиниши лозим бўлган асосий вазифаларни кўрсатиб берди. Бу вазифаларни амалга ошириш учун конституциявий ислоҳотлар доирасида Президентимиз иродаси билан “инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалдаги тизимнинг самарасини ошириш мақсадида Конституциямизда болалар меҳнатига йўл қўймаслик, ногиронлар, кекса авлод вакилларининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш масалалари ҳам ўз аксини топди.
Доно халқимиз инсон инсонга ғанимат дейдилар. Дарҳақиқат, биз учун ота-боболаримиз, нуроний кекса ота-оналаримиз бизнинг борлигимиз, бойлигимиз, давлатимиз, фахрийларимизнинг ҳаёти ҳам ғанимат. Шу маънода, қариялар қадр топган хонадон ва мустақил диёрда ҳамиша меҳр-оқибат, қут-барака ҳамда тинчлик-хотиржамлик бўлади. Президентимизнинг нуронийларни ўйлаб қабул қилаётган фармон ва қарорлари ҳам ана шу эзгу мақсадни кўзлайди.
Рустам Калонов,
"Нуроний" жамғармасининг Тошкент шаҳар Кенгаши раиси,
Олий Мажлис Сенати аъзоси, сенатор,
“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси”.