Ангор тумани ҳокими Қосим Мардонов, Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосарлари Зулхумор Хидирова ва Абдурасул Абдураҳмонов, “Нуроний” жамғармаси вилоят кенгаши раиси Орзиқул Соатов туманда яшаётган фаол нуронийлар билан учрашиб, конституциямиз қабул қилинган куннинг 34 йиллиги билан табриклади.
Самимий мулоқот чоғида кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ёш авлодни маънавий-ахлоқий тарбиялаш, миллий қадриятларимизни, урф-одат ва ноёб анъаналаримизни кенг тарғиб қилиш йўлидаги хизматлари юқори баҳоланди. Уларнинг маҳаллаларда шукроналик кайфиятини мустаҳкамлаш, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик ва тотувликни кучайтиришда ҳаётий тажрибаси муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди.

Учрашувда маҳаллалардаги ижтимоий жараёнларда нуронийлар фаоллигини ошириш, ёшлар тарбиясида ўрнак бўлиш, масъулият ва ватанпарварлик туйғуларини кучайтириш юзасидан фикр алмашилди. Туман инфратузилмасини янада яхшилаш, хонадонларда тозалик ва озодаликни таъминлаш, ҳудудларни ободонлаштириш ва кузги мавсумда кўчат экиб, янги боғ-роғлар яратишга эътиборни кучайтириш юзасидан галдаги вазифалар белгилаб олинди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА