Тошкент шаҳар "Ёшлар маркази"да Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ва Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши билан ҳамкорликда «Уч авлод учрашуви» ўтказилди. Унда меҳнат фахрийлари, профессор-ўқитувчилар ва талаба ёшлар иштирок этди.
Анъанага айланиб бораётган бундай маънавий-маърифий тадбирлар янги авлод вакилларини тарбиялашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Юртимизда барча соҳаларда рўй бераётган тарихий ўзгаришлар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
– Сўнги йиллардаги янгиланишлар шиддати ва тараққиёт одимидан вақт тезлашгандек туюлади. Шу қисқа вақт ичида юртимизда турли соҳаларда кўп йиллар ечимини кутиб ётган муаммолар барҳам топди. Катта марралар олиниб, одамларни ҳаётдан рози қилишга қаратилган дастурлар ишлаб чиқилди. Ижтимоий-иқтисодий, қурилиш ва бунёдкорлик, маънавий-маърифий, маданий соҳаларда мисли кўрилмаган ютуқларга эришилмоқда, – деди Тошкент давлат техника университети профессори Нодирбек Юсуфбеков.
Учрашувда нуронийлар ёшларга ўз ҳаётий тажрибалари ҳақида сўзлаб берди. Меҳнат фахрийларига Касаба уюшмасининг фахрий ёрлиқ ва совғалари топширилди.
ЎзА