Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нуронийлар кўмагига эҳтиёж катта!
10:24 / 2022-01-12

Ёши улуғ инсонларнинг ҳаёт тажрибаси умр йўлларидан адашмасликда , турли муаммоларни ҳал этишда муҳимдир.

 2021 йил давомида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Нуроний онахонларни қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан бу борада муайян ишлар амалга оширилди. 

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг 2020 йил 25апрелдаги  буйруғи билан тасдиқланган Низомга асосан, Республика, 14 та ҳудудий, 203 та туман (шаҳар), 9152 та маҳалла фуқаролар йиғинларида ташкил этилган “Бувижонлар мактаби” жамоатчилик кенгашлари фаолияти мувофиқлаштириб борилди. 
Маҳаллаларда ва таълим муассасаларида ёшлар маънавиятини юксалтиришда кекса авлод вакилларининг иштирокини янада кучайтириш, йигит-қизларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, оилавий ажримлар олдини олиш мақсадида “Бувижонлар мактаби” жамоатчилик кенгаши аъзолари ва кекса нуронийларни жалб этган ҳолда “Онахонлар ўгити”, “Ибрат мактаби”,  “Донишмандлик фасли”  “Хонадон файзи”, “Оилада отанинг ўрни”, “Оммавий маданиятнинг ҳалокатли таъсири” мавзуларида мавзуларида  жами  67 мингга яқин тарғибот тадбирлари ўтказилди.

    Умумтаълим мактаблари, олий таълим даргоҳларида  маҳаллаларда миллий маданий марказлар билан биргаликда  ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамкорлигида “Барҳаёт сиймолар қалбимиздадир”, "Аждодлар руҳи барҳаёт" мавзуларидаги учрашувлар  Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий ва  Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари алломаларимиз  ҳаёти ва ижодига бағишланиб, уларга таниқли олимлар, журналистлар, шоирлар, кексаю ёшлар кенг жалб этилди.

    Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида “Бувижонлар мактаби” республика жамоатчилик кенгаши, Яккасарой туман Маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида “Аждодлар руҳи барҳаёт” мавзуида Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан  маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Айни пайтда Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов ижодига бағишланган тадбирлар кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.

  Жорий йилнинг апрель-май ойларида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги,  Маданият вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда “Нуроний онахонлар ўртасида халқ оғзаки ижоди танлови” ташкил этилди.
Танлов жорий йилнинг апрель-май ойларида икки босқичда ҳамкор ташкилотлар раҳбарлари томонидан тасдиқланган низом, танловни ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари Режаси асосида ўтказилди. 
Икки босқичда ташкил этилган танловнинг биринчи секторлар босқичи апрель ойида секторлар кесимида ташкил этилди ва унда 7 минг 760 нафар, май ойида ўтказилган иккинчи- туман (шаҳар) босқичида  1236 нафар нуроний онахон халқ оғзаки ижоди йўналишида ўз маҳоратларини намойиш этди.

 Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан белгиланган вазифаларга асосан , 2021 йилда “Алла айтган етар муродга” танловининг маҳаллалараро, туман(шаҳар)лар ва вилоят, республика  босқичлари муваффақиятли  ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 февралда сиёсий партиялар вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича  кенгайтирилган йиғилиш баёнининг тегишли бандига кўра,   “Адолатли қайнона” лойиҳасини жорий этиш вазифаси белгиланганди. Унга асосан 10 минг нафардан ортиқ намунали қайноналарнинг рўйхати шакллантирилди. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси ҳамкорлигида  “Адолатли қайнона” кўрик-танлови ўтказилди. Бу танлов оила муқаддаслигини таъминлашда онахонларимизнинг  ўрни ва аҳамиятини ошириш имконини бергани билан эътиборли бўлди.

  “Қўша қариш саодати” мавзуида эллик, олтмиш, етмиш йил биргаликда умргузаронлик қилиб, ҳаёт гаштини сураётган нуронийларнинг ибратли ҳаётини ёш авлодга тарғиб этиш мақсадида тадбирлар дастури, концепцияси тайёрланиб,  ҳудудий бошқармаларга етказилди.

Йил давомида ўзиининг намунали ҳаёти, жамиятда тутган ўрни, фарзандлар тарбиясидаги ибрати билан бошқаларга ўрнак бўлаётган 11 минг нафарга яқин кекса авлод вакиллари иштирокида “Қўша қариш саодати” мавзуида учрашувлар, тарғибот тадбирлари ташкил этилди.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат  Мирзиёев раҳбарлигида 2021 йил 19 январь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг видеоселектор тарзида ўтказилган мажлисида белгиланган вазифалар  ижросини таъминлаш ҳам доимий эътиборда бўлгани аҳамиятлидир. Шу мақсадда “Ҳар бир нуроний – беш нафар ёшга мураббий” тамойили асосида нуронийларга  ёшларга бириктириш ва улар билан олиб бориладиган маънавий-маърифий ишларни кучайтиришга катта эътибор қаратилмоқда.  Тарбияси оғир, маънавий кўмакка муҳтож, уюшмаган, ишсиз ёшларни нуронийларга бириктириш бўйича янги тизимни жорий этиш юзасидан Йўриқнома ишлаб чиқилди ва ҳудудларга етказилди.

    Ҳозирги кунга қадар янги тизимга асосан республика бўйича 29 минг 562 нафар обрўли нуронийларнинг рўйхати шакллантирилди ва 146106 нафар тарбияси оғир, маънавий кўмакка муҳтож, уюшмаган ва ишсиз ёшларга бириктирилди. Жойларда ушбу тамойил асосида ишларни ташкил этилиши натижасида нуронийлар кўмагида 124 минг 840 нафар ёшларнинг ҳаётда ўз йўлларини топишида амалий ёрдам кўрсатилди.

    Шу билан бирга “Бувижонлар мактаби” жамоатчилик кенгаши аъзолари, нуроний онахонлар ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни яраштириш, ёш қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, уларни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасида маҳаллаларда ва таълим муассалари кенг кўламли тарғибот ишларини олиб бордилар. 2021 йил ноябрь-декабрь ойларида Тошкент вилояти шаҳар ва туманларида жамоатчилик кенгашлари аъзолари учун жадвал асосида семинар машғулотлари ташкил этилди.

       “Уч авлод учрашуви” тадбирларини юқори савияда ташкил этиш, мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ислоҳотларни кенг жамоатчилик, айниқса ёшлар ўртасида тарғиб қилиш бўйича ҳудудий бошқармаларга, шаҳар ва туман бўлимларига услубий ва амалий ёрдамлар кўрсатилди. Ушбу учрашувларда, ёшларга ўзининг билим ва тажрибасини ўргатиш орқали  нуроний онахонлар “Янги Ўзбекистон-янгича дунёқараш” деган улуғвор ғояни қўллаб-қувватлашда ўз ҳиссасини қўшмоқда.

    Юқоридаги хабар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги маълумоти асосида тайёрланган бўлса-да, турли тадбирлар, танловлардан эл-юрт, оддий одамлар, оилаларга кўпроқ наф тегса,  деймиз! Амалий, натижадор  ишлар ҳажмини янада ошириш эса давр талаби эканини яна бир карра айтмоқчимиз.  Зеро,  жар ёқасига келиб қолган оилаларга яқиндан кўмаклашиш, уларга руҳий мадад кўрсатиш, ажримларнинг  олдини олиш, ёшлар тарбиясини тўғри йўлга қўйиш, турли оилавий маросимларни ихчам, тежамкорлик билан ўтказишда, турар жойларни, кўчаларни озода сақлашда  нуроний онахонларнинг кўмагига ҳамон эҳтиёж катта эканини замоннинг ўзи кўрсатиб турибди.

   Н.Усмонова, ЎзА