Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нуронийлар ҳаёти ёшларга ибрат
17:26 / 2022-04-11

Наманган шаҳрида “Инсон қадри – улуғ” шиори остида икки авлод ушрашуви ўтказилди.

Бугун кўплаб қаҳрамон юртдошларимиз орамизда йўқ, лекин уларнинг бой тажрибасини авлодлари ва шогирдлари давом эттирмоқда. Инсонийлик, меҳр-мурувват, бағрикенглик каби эзгу фазилатлар мужассам бўлган тадбир давомида наманганлик фахрийларнинг ҳаёт йўли, амалга оширган ибратли ишлари ҳақида ҳикоя қилувчи видеороликлар намойиш этилди.  

Айниқса, чустлик Михаил (Мамашариф) Фаёзовнинг монитор орқали янграган қуйидаги сўзлари қалбларни жунбушга келтирди: “... Қирғинбарот жангларда ҳар куни юзлаб қуролдошларимиздан ажраб қолардик. Ҳозиргина кўрган дўстимиз, бир сонияда кўз олдимизда нобуд бўларди. Рус миллатига мансуб яқин қадрдоним Михаил кунларнинг бирида бир фикр айтиб қолди. “Дўстим, Ватанга қайтиш насиб қиладими ёки аксинча бўладими? ... Нима бўлган тақдирда ҳам қайси биримиз омон қолсак, номимизни абадийлаштириш учун исмимизни ўзгартирамиз”, деди. Бу таклиф менга ҳам маъқул бўлди... Минг афсус, дўстим жангоҳларда кўз олдимда ҳалок бўлди. Ватанга қайтгач, исмимни Михаил, деб ўзгартирдим...”  

Тадбирда турли соҳаларда узоқ йиллар самарали хизмат қилиб, эл олдида катта ҳурмат қозонган, айни пайтда кексалик гаштини сураётган нуронийларга ҳурмат, эҳтиром кўрсатилди.  

– 82 ёшдаман, фаровон ва осуда юртда яшаяпмиз, буни қадрлашимиз керак, – дейди тўрақўрғонлик қишлоқ хўжалиги фахрийси, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдурайим Ҳамидов.

– Бундай тадбирлар жуда зарур. Кексаларнинг ибратли ҳаётини келажак авлодларга кўпроқ кўрсатиш керак. 


Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Содиқжон Турдиев иштирок этди.  

Учрашувда ватан, тинчлик, меҳр муҳаббатни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради, миллий  рақс намуналари намойил этилди.  


Оқилхон Дадабоев, ЎзА