Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нуронийлар ҳаёти ёшлар учун мактабдир
17:43 / 2025-10-04

“Бир нуроний ўн ёшга масъул” республика кўрик-танловининг Самарқанд вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Танлов маҳаллаларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2023 йил  

11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир  қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари  ижросини таъминлаш, шунингдек, маънавий кўмакка муҳтож  ёшлар билан ишлаш, ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, ёшларни Ватанга муҳаббат, эзгулик ва раҳмдиллик руҳида тарбиялашга, нуронийларнинг ёшлар ўртасида  миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш борасидаги фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилганлиги билан алоҳида аҳамият касб этади.

Танловда туман ва шаҳар босқичларида ғолиб деб топилган 16 иштирокчи ўзаро беллашиб, республика босқичида иштирок этувчи вилоят вакилини аниқлаб олишди.  

[gallery-25603]

Уч шарт, яъни таништирув, "Ёшлар бизнинг келажагимиз" – бунда "Бир нуроний - ўн ёшга масъул" лойиҳаси бўйича қилинган ишлар тақдимоти ва мавзу доирасида савол-жавоб шартларида нуронийлар беллашди.

Ҳакамлар ҳайъатининг хулосасига кўра, танловнинг вилоят босқичида Ургут туманининг "Юқори Қайроқли" маҳалла фуқаролар йиғини нуронийлар фаоли Акрам Суюнов ғолиб деб топилди.  

Иккинчи ўринни Қўшработ туманининг Бойтўп маҳалласи нуронийлар фаоли Норбобо Шакаров, учинчи ўринни эса Каттақўрғон шаҳар Қўшҳовуз маҳалласи нуронийлар фаоли Сабоат Нигматова ҳамда Пастдарғом туманининг Ҳовузак маҳалласи нуронийлар фаоли Азамат Рўзиқулов қўлга киритди.

– Кўрик-танловда қатнашганимдан хурсандман ва ўз навбатида улкан масъулиятни ҳис қиляпман, – дейди вилоят босқичи ғолиби Акрам Суюнов. – Давлатимиз раҳбарининг ушбу ташаббуси ҳақиқатда ҳам ўта муҳим вазифа деб биламан. Бугун ёш авлод тарбияси ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб бормоқда. Уларни тўғри йўлга солиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, касб-корли, ишли қилишда нуронийлар тажрибаси ўта муҳим. Танлов давомида иштирокчиларнинг мазкур йўналишдаги самарали ишларини кўриб, ўз фаолиятимдаги ижобий натижалар нуронийлар зиммасида улкан масъулият борлигини яна бир бор исботлади, деб ўйлайман. Билдирилган ишончни республика босқичида муносиб оқлаб, энг муҳими, келгуси фаолиятимизда янада масъулият билан ишлаб, маҳалла ёшларига бош бўлиб, эзгу мақсадларга етаклаймиз.

Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари