Нукусда Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгаши ва Вазирлар Кенгаши ташаббуси билан “Нуронийларга ҳурмат ва иззат” мавзусида учрашув бўлиб ўтди.
Симфоник оркестр садолари остида Оролбўйида турли соҳаларда ўзларининг фидокорона меҳнати билан аҳолига ўрнак бўлиб келаётган нуронийлар ёшлар томонидан тантанали кутиб олинди. Иштирокчилар дастлаб ҳудудда фаолият юритаётган миллий-маданий марказлар томонидан тикилган қора уйлар, турли миллат вакиллари томонидан тайёрланган буюмлар, қўл меҳнати намуналари кўргазмаси билан танишди.
Мамлакатимизда миллатлараро дўстлик ва тотувликни, турли миллат ва элат вакиллари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, миллий маданиятлар, урф-одат ва анъаналарни сақлаш, ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссаси учун бир гуруҳ фаоллар Президент фармонига мувофиқ, орден ва медаллар билан мукофотланди. Улар орасида Қораўзак тумани “Қуралпа” овул фуқаролар йиғини раиси Жанабай Адилбаев ҳам бор. У “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.
[gallery-8144]
Таъкидлаш жоизки, мустақил мамлакатимизда кекса ёшдаги фуқароларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, уларнинг юртимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштироки учун зарур шароитларни яратиш, қарияларнинг жамиятда, оилада ва маҳаллада тинчлик-тотувликни таъминлаш, шунингдек, ёш авлодни халқимизнинг кўп асрлик қадриятларини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялашдаги ролини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон нуронийларнинг ижтимоий меҳнатини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” фонди Ҳомийлик кенгаши қарори билан иқтисодиёт, ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда кўп йиллар ҳалол ва самарали меҳнат қилган бир гуруҳ қорақалпоғистонлик фахрийлар I, II, III даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Учрашувда “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони ва пул мукофотлари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.
Иштирокчиларга кўпчиликка ўрнак бўлган нуронийларнинг ҳаёт ва меҳнат йўлига бағишланган фильмлар намойиш этилди. Дастурхон атрофида кекса авлод вакиллари билан ёшлар ўзаро фикр алмашди.
– Юртимизда турли миллат вакиллари оғзибирчиликда яшаб келмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирининг ўринбосари Турсинбай Абдижаббаров. – Нуронийларимизнинг ҳаёт йўли ва бой тажрибаси ёшларимиз учун ҳамиша ўрнак бўлиб келган. Оролбўйидан бир гуруҳ нуронийларнинг “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланиши давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистон Республикасининг меҳнаткаш халқига, шунингдек, нуронийларига кўрсатаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрлигининг амалдаги исботидир. Кекса авлод вакиллари Янги Ўзбекистоннинг бундан кейин ҳам гуллаб-яшнаши, халқларимиз орасидаги дўстлик муносабатларини янада мустаҳкамлаши, ёшларимизни муносиб инсонлар этиб тарбиялашда келгусида ҳам насиҳат қилишдан чарчамайди.
Учрашувда концерт дастури намойиш этилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгаши Раиси М.Камалов иштирок этди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА