Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нуронийлар – эъзозда
10:19 / 2022-10-05

Юртимизда “Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш – халқимизга хос эзгу фазилат” ғояси остида “Кексалар ҳафталиги” ўтказилмоқда.

Самарқанд вилоятида ҳам ҳафталик доирасида маданий-маърифий ва хайрия тадбирлари, нуронийлар ва ёшлар учрашувлари, саёҳатлар ташкил этилмоқда. Жумладан, Самарқанд шаҳридаги “Саховат уйи”да ўтказилган тадбирда вилоят Нуронийлар кенгаши фаоллари, самарқандлик ижодкорлар мазкур муассасада яшовчи фахрийлар билан дилдан суҳбат қурди, уларга совғалар топширилди. 

– Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос эзгу фазилатлардан ҳисобланади, – дейди Самарқанд вилояти маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, вилоят Нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси Ш.Негматов. – Бугун бу фазилат давлат эътибори даражасига кўтарилди. Кейинги йилларда анъанавий ўтказилаётган мазкур ҳафталик ҳам ана шу эътибор натижасидир. Шу кунларда вилоятимизнинг барча ҳудудларида ҳафталик доирасидаги тадбирлар давом этмоқда. Дастлабки уч кунда 4500 нафар кекса авлод вакилларининг юртимиз бўйлаб саёҳатлари уюштирилди, 1600 нафардан ортиқ бемор, тўшакда ётиб қолган нуронийлар ҳолидан хабар олинди. 58 маҳаллада тиббий кўрик ташкил этилиб, 300 нафарга яқин онахон ва отахонларнинг саломатлиги кўрикдан ўтказилди. 1800 нафар нуронийга  дори-дармон, 39 нафарига реабилитация воситалари тарқатилди. Ҳокимликлар ва ҳомийлар ёрдамида 2200 нафар кексалар хонадонларига озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Бундан ташқари, барча маҳаллалар, таълим муассасаларида нуронийлар ва ёшлар учрашувлари, спорт мусобақалари ўтказилмоқда.

Булунғур педагогика коллежида тумандаги кекса авлод вакиллари иштирокида ўтказилган тадбирда юртимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунда кексаларга қаратилаётган эътибор ҳақида сўз юритилди. 

– Бугунги тадбир мамлакатимизда нуронийларнинг қай даражада эътиборда эканлигидан дарак беради, – дейди туман Нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси Очил Аҳмедов. – Ҳафталик давомида ёлғиз кексалар хонадони ҳашар асосида ободонлаштирилмоқда, малакали шифокорлар томонидан нуронийлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиляпти.

Бу тадбирлар, кекса авлод вакилларининг умрига умр қўшиб, нафақат оила аъзолари, балки жамият эътибори, эъзозида бўлишини таъминлайди.

Ғ.ҲАСАНОВ, 
ЎзА