Кексаларни эъзозлаш, уларга юксак эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос азалий қадриятлардандир. Шу боисдан ҳам узоқ йиллар самарали ишлаган меҳнат фахрийларини йўқлаш давлат ва жамоат ташкилотлари учун хайрли анъанага айланган.
Наманганда “Нуроний” жамғармаси ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлимлари томонидан Президентимизнинг “Маҳаллабай”, “Оилабай” иш ташкил этиш борасидаги кўрсатмаларидан келиб чиққан ҳолда Учқўрғон туманида навбатдаги йўқлов тадбирлари ташкил этилди.

Айтиш жоиз, икки дарё оралиғига туташ Учқўрғон мусаффо Норин дарёси, серҳосил далалари, меҳнаткаш ва танти эли билан нафақат Наманган, балки бутун республикага донғи кетган. Бу жойдан кўплаб олимлар ва халқ арбоблари етишиб чиқиб, улар Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшишган. Тадбирлар давомида ана шундай фидойи нуронийлар хонадонларига борилиб, кексаларнинг оилавий яшаш шароити билан танишилди. Уларга озиқ-овқатлар ва эсдалик совғалари топширилди.
– Ҳар бир киши яхши яшашга интилади, фарзандларини муносиб тарбиялашга ва кексаликда уларнинг роҳатини кўришга ҳаракат қилади. Ҳаёт йўли мураккаб, бир-бирига ўхшаши қийин, яшаш масъулият ва матонатдан иборатдир, ҳар бир инсон ҳаётнинг турли синовларига дуч келади, бундан кимдир нолиса, кимдир шукур қилади, – дейди “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Икромхон Нажмиддинов. – Ўтказилган тадбир юртдошларимизни Ватанни ардоқлаш, эзгу ишларга чорлади. Эътибор кексаларимиз кўнглини ўстирди.

Учқўрғонликлар Исломобод маҳалласида яшовчи 85 ёшли Маҳмуда Кушбахтиева оиласини ҳурмат билан тилга олишади. Аҳоли саломатлигини таъминлаш йўлида узоқ йиллар самарали ишлаган, беморлар дардига малҳам излаган фидойи инсон, кекса шифокор икки фарзандини комил қилиб тарбиялади.
Ёки ушбу маҳалланинг кайвониларидан бири 81 ёшли Ҳакимжон Тожибоев узоқ йиллар турли соҳаларда раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган. Жумладан, у киши мустақилликнинг илк дамларида Учқўрғон туманига ҳоким ҳам бўлган. Беш нафар фарзанди ҳаётда ўз йўлини топиб, отасига муносиб ворислар бўлиб етишди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА