Хотира – кечаги ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи – муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради. Қадр – инсонни юксакликка кўтаради, унинг фаолиятига, орзу-интилишларига, мақсад-маслакларига олижаноблик бағишлайди.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси, “ANAMED” тиббий диагностика маркази раҳбари, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси аъзоси Носирбек Абдуллахонов O’zLiDeP Наманган вилояти кенгаши ҳамда маҳалла фаоллари ҳамроҳлигида Янги Наманган туманининг Мингчинор маҳалласида яшовчи уруш фронти қатнашчиси, меҳнат фахрийси 85 ёшли Галина Болоченковани йўқлади.


Сенатор уруш фахрийсидан ҳол-аҳвол сўради, унинг саломатлиги давлатимизнинг доимий эътиборида эканлигини таъкидлади. Наманган шаҳридаги 13-сонли оилавий поликлиникаси патронаж ҳамширалари мазкур қутлуғ хонадонга бириктирилган бўлиб, тиббиёт ходимлари Галина Болоченковани мунтазам равишда соғлигини кузатиб боришади. Россия Федерациясининг Брянская вилоятида туғилган Галина Алексеевнанинг болалик кезлари айни қонли уруш йилларига тўғри келди. У жанггоҳлардаги очарчиликлар, оғир суронли кунлар, 1943-1944 йиллардаги немис концлагеридаги машаққатли дамларни эслаб, бугунги фаровон кунларга шукроналик келтиради. Урушдан сўнг Ўзбекистонга юборилган Галина опа шу муқаддас юртни ўз Ватани деб билди, танлаган муҳосиблик соҳаси бўйича қурилиш ташкилотларида самарали меҳнат қилди.
Иккинчи жаҳон уруши фронти фахрийси Галина Болоченкова куни кеча давлатимиз раҳбарининг фармонига биноан 18 миллион сўмлик пул мукофоти билан тақдирланган эди. Галина опанинг хонадони шу кунларда вилоят жамоатчилик вакиллари, сенатор ва депутатлар билан гавжум. Ўтказилаётган мулоқотларда кексаларнинг босиб ўтган йўли, ҳаётий тажрибаси ёшлар учун ибрат намунаси эканлиги эътироф этилди.

Дарҳақиқат, бугунги дориломон кунлар учун жонини аямаган, меҳнати билан фаровон ҳаётимизга катта ҳисса қўшган фахрийларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Зеро, халқимиз ва ватанимиз учун фидойилик кўрсатган инсонларни борида қадрлаш, ўтганларни ёд этиш, ҳаётимизни эзгулик нури билан ёритиб, бугунги кунда қадрига етишга чорлайди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА