English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нуроний онахонларнинг маҳалладаги ўрни
07:48 / 2021-05-28

Оилалар билан ишлаш мураккаб, масъулиятли жараён. Хонадонлардаги мавжуд вазиятни тўғри баҳолаш, юзага келган муаммоларга ечим топиш маҳалла фаоллари, кайвониларидан билимдонлик, зийраклик, вазиятга қараб оқилона иш кўришни талаб этади.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида ташкил этилган “Оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш ва ёшларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялашда нуроний онахонларнинг тутган ўрни” мавзусидаги учрашувда айни жиҳатларга эътибор қаратилди.

Республика “Бувижонлар мактаби” жамоатчилик кенгаши аъзолари ҳамда катта ҳаёт тажрибасига эга нуроний онахонлар иштирок этган тадбирда таъкидланганидек, бугунги кунда юртимиз бўйича ажралиш арафасида турган 13 500 га яқин оила рўйхатга олинган. Ушбу оилалардаги эр-хотин муносабатларини тартибга солиш, улардаги осойишталикни таъминлашда кенг жамоатчилик, шунингдек, кўпни кўрган нуроний онахонларнинг тутган ўрни беқиёс.

Йиғилишда сўзга чиққан Республика “Бувижонлар мактаби” жамоатчилик кенгашининг раиси Муборак Юнусхўжаева, Тошкент шаҳар “Бувижонлар мактаби” жамоатчилик кенгашининг раиси Озода Муҳиддинова ва бошқалар нотинч оилалар билан ишлашда тарбиявий аҳамиятга эга маънавий-маърифий йўналишдаги тарғибот тадбирларини тизимли ташкил этиш зарурлиги хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бош мутахассиси Шерали Қутлимуратов аҳолининг ҳуқуқий билим ва маънавиятини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган сўнгги йилларда қабул қилинган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти хусусида сўзлади.

Учрашув сўнггида маҳалла ва оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, ажримларнинг олдини олиш, ёшлар, айниқса, қизларни миллий урф-одатларга содиқлик руҳида тарбиялашда нуроний онахонлар зиммасидаги муҳим вазифалар ва ушбу хайрли ишларга кенг жамоатчиликни жалб қилиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Н.Усмонова, ЎзА