Нуробод тумани Самарқанд вилояти марказидан 65 километр узоқликда жойлашган. Ҳудудда қирққа яқин маҳалла фуқаролари йиғинлари, юзга яқин қишлоқ аҳоли пунктлари мавжуд. Ер майдони асосан яйлов текисликлардан иборат. Туманда 151 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.
Ҳудуд ҳаётини яқиндан билиш, мавжуд муаммоларни ўрганиш мақсадида туман ҳокими Ш.Юлдашев, сектор раҳбарлари ҳамда мутасаддилар иштирокида сайёр қабуллар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дарҳақиқат, бугунги кунда мамлакатимизда халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиш керак деган тамойилнинг моҳиятида ҳам шу эзгу иш мужассам.
Таъкидлаш лозимки, кўплаб ҳудудлар сингари бу туманда ҳам фуқаролар мурожаатлари борасида рақамлар оз эмас. Бу барча мутасаддиларга ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф этиш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш соҳасида алоҳида масъулият юклайди.
Нуробод тумани ҳокими Ш.Юлдашев томонидан Сарикул маҳалласида ўтказилган навбатдаги сайёр қабулда аҳоли билан учрашувнинг аҳамияти, бунинг натижасида одамлар рози бўлиши йўлида ҳаракат қилиниши таъкидланди.
Сектор раҳбарлари, тумандаги корхона ва ташкилот раҳбарлари, маҳалла аҳолиси ва ёшлар иштирок этди. Фуқароларнинг манфаатлари билан боғлиқ масалалар юзасидан 30 га яқин аҳоли вакиллари томонидан 50 дан ортиқ мурожаат ва таклифлар билдирилди. Қабул давомида асосан тиббиёт, электр энергияси, бандлик, кредит, моддий ёрдам, сув, йўл, ер ва бошқа масалалар юзасидан мурожаатлар келиб тушди.
Туман раҳбари томонидан мурожаатларининг ижобий ҳал этилиши бўйича тегишли корхона, ташкилот раҳбарларига топшириқ ва кўрсатмалар берилиб, уларнинг ижроси назоратга олинди.
Нуробод марказида “Ҳазрати Али” жоме масжиди янгидан бунёд этилмоқда. Бунёдкорлик ишлари кетаётган бу жойда қўй сўйилиб, қурбонлик қилинди. Нуронийлар, туман ҳокимлиги мутасаддилари, ҳудуд фаоллари шу ерда жам бўлишди.

Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида давомли ёғингарчилик кузатилмоқда. Нурободда ҳам ёғингарчилик оқибатида бир қанча ҳудудларда сув тўпланиб, аҳоли учун ноқулайликлар юзага келди.
Ноқулай об-ҳаво сабаб юзага келган муаммоларни ўрганиш, масалага тезкор ечим топиш мақсадида туман ҳокими раҳбарлигида ИИБ, туман фавқулодда вазиятлар бўлими, туман “Ободонлаштириш” бошқармаси, “Тоза ҳудуд” ДУК, “Иссиқлик манбаи” ДУК ва бошқа бир қатор ташкилотлар ўз ходимлари ҳамда техникалари ёрдамида сел сувлари, сув тошқинлари рўй берган ҳудудларда бўлиб, аҳолига қулайликлар яратиш чораларини кўрди.

Олтинсой маҳалласи Узку қишлоғи. Эски анҳор канали устига қурилган кўприкка сел зарар етказган. Масалани зудлик билан бартараф этиш бўйича туман масъулларига топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
И.Аввалбоев, ЎзА