Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нурли қалблар маскани
11:52 / 2025-09-03

Сир эмаски, янги Ўзбекистоннинг бугунги сиёсати инсон қадри тамойили асосида олиб борилмоқда. Бунда аҳолининг имконияти чекланган қатлами алоҳида аҳамиятга эга. Айниқса, имконияти чекланган ёшларнинг сифатли таълим олишлари, жамиятда ўз ўринларини топиб кетишларига  катта эътибор қаратилмоқда. Бунда кўзи ожиз болалар таълими ҳам эътиборга молик.

Бугунги кунда кўзи ожизлар мактаб-интернатлари “Нурли маскан” муассасаси деб юритилмоқда. Ана шундай муассасалардан бири Самарқанд шаҳридаги 59-сонли “Нурли маскан” таълим даргоҳидир. Янги ўқув йилида ушбу маскан йигирма беш нафар жажжи болажонларни биринчи синфга қабул қилди. Бошқа тенгдошлари қаторида ушбу ўқувчилар ҳам ҳаяжон билан мактаб остонасига қадам қўйишди. Уларга Президентнинг махсус совғаси топширилди. Бундай эътибор болажонларни янада шодлантирди.

Бугунги кунда муассаса 250 нафар ўқувчини ўз бағрига сиғдира олади. Ўқувчиларга малакали мутахассислар таълим беришади. Таъкидлаш жоизки, 2022 йил 10 февралда юртбошимиз Самарқандга амалга оширган ташрифлари мобайнида ушбу мактаб-интернатида ҳам бўлиб, ўқитувчи ва ўқувчилар билан учрашди. Улар билан суҳбат жараёнида таклиф ва муаммоларини тинглаб, уларнинг ечимлари бўйича масъулларга топшириқлар берди. Натижада уларни қийнаётган муаммолар бартараф этилиб, мактаб биноси қайта реконструкция қилинди. Ўқувчилар учун янги ётоқхона, ошхона, болалар боғчаси ва махсус коррекцион йўлаклар қуриб берилди. 

Қувонарлиси шуки, ўтган ўқув йилида мактабни ўн беш нафар ўқувчи тамомлаб, шуларнинг саккиз нафари олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинди. 

—Биз ўқувчиларимиз билан доим фахрланамиз. Негаки, улар гарчи кўриш имкониятлари чекланган бўлса-да, фан ва ижодда республикамизда юксак натижалар кўрсатиб келишмоқда, — дейди мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Фаррух Шомуродов.— Муассасамиз бир қанча фан олимпиада ғолиблари, давлат мукофоти соҳиб ва соҳибаларини етиштириб чиқарди. Албатта, бунда ўқитувчиларимизнинг меҳнати беқиёс. Алоҳида таъкидлашни истардимки, имконияти чекланганлар учун яратилаётган шарт-шароитлар ўз самарасини бермоқда ва бунданда юксак марралар ҳали олдинда.

Бугун республикамиздаги “Нурли маскан”ларда таълим олаётган барча ўқувчилар давлатимиз ғамхўрлиги ва устозлари меҳнати билан ўз салоҳиятларини ривожлантириш ва кенг оммага намоён этиш имкониятига эга бўлишмоқда. Бу эса албатта уларнинг ёрқин келажагига мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.

Шербек Исломов,

ЎзА