Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларнинг таълим олиши учун яратилган шарт-шароитларни янада яхшилаш, уларнинг жамиятга мослашувига кўмаклашиш ҳамда қўллаб-қувватлаш бўйича ишлар янги босқичга кўтарилмоқда.
Бу борада кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатларни Ички ишлар вазирлигига бириктирилди ҳамда улар “Нурли маскан” ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари деб номланди.
Мазкур мактаблар имконияти чекланган ўқувчиларга сифатли таълим ва тарбия бериш, уларнинг маиший шароитларини яхшилаш, шунингдек, ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда интеллектуал, жисмоний ва ижодий қобилиятларини ривожлантиришга, уларнинг жисмоний имкониятидан келиб чиққан ҳолда, соғлом, маънан етук инсон қилиб тарбиялашга ҳамда дунёқарашини шакллантириш, спорт турларига қизиқтириш ва жалб этишга хизмат қилиши назарда тутилган.

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, бугунги кунда республикадаги 17 та “Нурли маскан”да кўзи ожиз ва заиф кўрувчи ўқувчилар таълим ва тарбия олиб келишмоқда. Мактабларда 3 минг 611 нафар кўзи ожиз ва заиф кўрувчи ўқувчиларни касбга ўқитиш тизими йўлга қўйилган.

Ўқувчиларни касбга ўқитиш тизими орқали келажакда улар ўз ўринларини топиб муносиб ҳаёт кечиришлари мақсадида имкониятлари, қизиқишлари, касбга бўлган мойиллиги сўровнома ва суҳбатлар орқали ўрганилди. Републикадаги 5 та муассасада замонавий турдаги касбга ўқитиш (технология) хоналари ташкил этилди ҳамда “Ишга мархамат” мономарказларининг мутахассислари ёрдамида ўқитиш ва амалиёт дарслари йўлга қўйилди.
Ушбу тизимнинг жорий этилиши шубҳасиз, “Нурли маскан”ларда таълим-тарбия олаётган ўқувчиларнинг келажакда ўзлари қизиққан касбни мукаммал ўрганиб, ҳаётда ўз йўлларини топиб кетишига хизмат қилади.
ЎзА