Бухоро вилояти Вобкент туманидаги икки дарё ўртасида жойлашган “Нурли манзил” болалар ёзги дам олиш оромгоҳи ёз фаслида дам оладиган масканлардан биридир.
– Оромгоҳ саксон ўринга мўлжалланган бўлиб, болаларнинг ёзги дам олишлари учун етарли шароитлар яратилган. Болажонлар тегишли тартибда тиббий кўрикдан ўтказилган ҳолда оромгоҳга қабул қилинмоқда. Туман тиббиёт бирлашмасидан масъул ходимлар томонидан болажонлар доимий назоратда.


Уларнинг мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун турли учрашувлар, театр томошалари, концерт дастурлари уюштирилмоқда. Шунингдек, туман “Баркамол авлод” болалар мактаби билан ҳамкорликда болажонларнинг қизиқишларига қараб тўгараклар фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Энг муҳими, уларни жисмонан соғлом бўлиб вояга етишлари учун спортнинг бир неча турлари билан шуғулланиш имконияти яратилган. Сузиш ҳавзаси эса болажонларга олам-олам қувонч бағишламоқда. Болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида тумандаги умумтаълим мактабларидан 12 нафар педагог ходим бириктирилган, – дейди оромгоҳ раҳбари Алишер Бобоев.


– Оромгоҳга келганимдан хурсандман, – дейди 3-умумтаълим мактаби ўқувчиси Ҳилола Нумонова. – Чунки, тасвирий санъатга қизиқаман. Табиат қўйнида гўзал манзараларни тасвирлашни хоҳлардим. Оромгоҳ жуда чиройли, дарё бўйида жойлашган, дарахтлар, сойлар. Бундай жойда расм чизиш жуда мароқли бўлади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.