Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нурлар булоғидан бахт топган инсон
11:08 / 2022-12-10

Ўзбекистон энергетикасининг фахрийси, Ўзбекистон Қаҳрамони Мирзааҳмад Шойимовни мамлакатимизда кўпчилик яхши танийди. У киши болалигидан ўзи яшаётган ҳозирги Нуробод қишлоғи яқинида барпо этилган Сирдарё иссиқлик электр станциясида ишлашни орзу қилган.

Мирзааҳмад ака 1974 йилда Тошкент давлат политехника институтининг энергетика факультетини тамомлаб, меҳнат фаолиятини “Фарҳод” ГЭСида муҳандисликдан бошлаган. 1976 йилдан Сирдарё ИЭСида  меҳнат қилиб, чилангарликдан бош директор лавозимигача бўлган шарафли йўлни босиб ўтди.  

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг Сирдарё ИЭСда муаммолар вужудга келди. Корхонанинг газ билан тақсимлаш пункти қўшни Тожикистон Республикаси ҳудудида жойлашган бўлиб, газ у томондан қувур орқали келган. Бу корхона учун анчагина ноқулайлик ва қийинчиликни вужудга келтирарди. Газ сарфини назорат қилиш учун М.Шоимов раҳбар сифатида кечаю-кундуз тиним билмади.  

Кунлардан бирида “тожикистонликлар газ юбориш йўлини ёпар экан, зудлик билан мазутдан фойдаланишга ўтиш керак”, деган буйруқ келди. Корхонада тайёргарлик йўқ эди. Янги йўналишга ўтиш учун автоматика ва назорат ўлчов асбоблари етишмасди. Шунда Мирзааҳмад ака ўзи яратган махсус дастур асосида бош муҳандис билан ҳамкорликда уч кеча-кундуз давомида режа ишлаб чиқди. Масъуллар иштирокида тунги 02.00 да тизимга улаш ишлари бошланди. Дастурда кўрсатилган кетма-кетлик бўйича жараён давом эта бошлади. Барча кузатувчилар ва ишчи-ходимлар натижани юрак ҳовучлаб кута бошлади. Чунки станция фаолияти тўхтатиб қўйилиши ҳам давом эттирилиши ҳам шунга боғлиқ эди. Назорат-ўлчов  асбоблари етарли эмасди. М.Шоимов 50 нафар ходимдан жонли назорат ўлчов асбоби ўрнида фойдаланиб, қаттиқ назорат қилиш учун ҳар бирига керакли жойларда туришни тайинлади. Ходимларга босимнинг даражаси бўйича ўз вақтида маълумот бериб туриш, ҳолатга қараб, ўнг ва чап йўналишларни очиб-ёпиб туриш вазифасини топширди.

Эрталаб соат 06.00 ларда биринчи газ қувури, соат 09.40 ларда иккинчи газ қувури тўлиқ янги магистралга ўтказилди. Энергоблоклар иш режимида меъёрий ҳолат сақлаб қолинди ва энг муҳими, ҳудудларга электр энергияси етказишда ҳеч қандай узилиш бўлмади.

Марказий Осиёда тенги йўқ бўлган Сирдарё иссиқлик электр станцияси Ўзбекистон ҳудудининг учдан бир қисмини электр энергияси билан таъминлайди. Бу билан станция мамлакатимиз саноати, энергетикаси ривожига, иқтисодиёт тармоқларини жадал ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. 2030 йилга бориб, мамлакат бўйича аҳоли сонининг ўсиши ва иқтисодиётнинг ривожланиши ҳисобига 120 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш мўлжалланган.

Сирдарё ИЭСда собиқ иттифоқ тарқалганидан кейин кўпгина русийзабон мутахассислар ўз юртига қайтиб кета бошлади. Келгусида ИЭС тўхтаб қолиши ҳам мумкин деган гап-сўзлар тарқалди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида юзага кела бошлаган муаммолар  катта синов бўлди. Станцияда мутахассис кадрлар ва эҳтиёт қисмлар етишмовчилиги бошланди. Лекин станцияда ишнинг тўхтаб қолиши бир неча вилоятнинг электр энергиясиз қолишига олиб келиши муқаррар эди. Ўша йилларда биринчи навбатда кадрлар малакасини ошириш ва янги кадрларни тайёрлаш ҳаракатлари бошланди. Ёш ходимларга таъмирга тушган энергоблокларда мураккаб ва нозик автоматика қурилмаларидан фойдаланиш усуллари изчиллик билан ўргатилди. Бир вақтнинг ўзида Ширин шаҳридаги энергетика техникумида дарс бериш учун юқори малакали муҳандис ва усталар таклиф қилинди. 1995 йилга келиб корхона маҳаллий малакали кадрлар билан тўлиқ таъминланди.

Ҳалол меҳнатга яраша рағбат Мирзааҳмад Шоимовнинг салкам ярим асрлик меҳнатлари ҳукуматимиз ва халқаро нуфузли ташкилотлар томонидан муносиб тақдирланди. У Ўзбекистон Республикаси энергетикаси мустақиллигини ривожлантириш ва халқ хўжалигини электрлаштиришдаги кўп йиллик самарали меҳнатлари учун 2010 йилда “Ўзбекэнерго” Давлат акциядорлик компаниясининг “Ўзбекистон энергетикаси фахрийси” унвонига сазовор бўлди. Шунингдек, кейинги йиллар давомида “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 20 йил”, “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 25 йил”, “Ўзбекистон Конституциясига 25 йил” эсдалик нишонлари соҳиби бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 23 августдаги фармони билан Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг жаҳон миқёсидаги шон-шуҳратини юксалтириш, давлат ва халқ олдидаги улкан хизматлари, ишлаб чиқариш соҳасидаги узоқ йиллик фидокорона меҳнати ҳамда ёш авлодни ватанпарварлик, халқпарварлик руҳида тарбиялашга қўшган катта ҳиссаси учун олий даражадаги мукофот “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони ва олий нишон — “Олтин Юлдуз” медали билан тақдирланди.  

2015 йилда М.Шоимов Сирдарё вилояти Халқ депутатлари кенгаши  аъзолигига қабул қилинди ва ўша йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолигига сайланди. 2018 йилда МДҲ давлатларида энергетика тизимини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун “МДҲ давлатларида хизмат кўрсатган энергетик” фахрий унвонига муносиб топилди. 2021 йил 30 август куни Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллик байрами арафасида жамоат мукофотлари ва унвонлари халқаро қўмитаси томонидан Мирзааҳмад Шоимов Евроосиё давлатлари иттифоқининг фахрий фуқароси бўлганлиги ҳақида хабар берилди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан чоп этилган "Ўзбекистон қаҳрамонлари" китобида 103 нафар қаҳрамон юртдошларимиз қаторида сирдарёлик энергетик Мирзааҳмад Шоимовнинг ҳаёти ва меҳнат фаолияти ҳақида ҳикоя қилинган.

М.Шоимов 2013 йилда Республикамиз Бош вазири лавозимида ишлаб келаётган Шавкат Мирзиёев томонидан ўтказилган “Ўзбекэнерго” компаниясида электр станциялари раҳбарлари йиғилишини шундай хотирлайди: “Ўзбекистонда электр энергиясини ривожлантириш бўйича бошқаларнинг таклифларини тинглаб бўлгач, менга юзланиб, “Қани, Ўзбекистон Қаҳрамони, сиз қандай таклиф бера оласиз?” дедилар. Шунда мен аввалдан дилимга тугиб қўйган режалар асосида ташаббус билан чиқиб, станцияларнинг энергоблокларида модернизация ишларини олиб бориш зарурлиги тўғрисида ўз таклифларимни айтдим ва бу иш ўта муҳимлигини, асло кечиктириб бўлмаслигини алоҳида таъкидладим. Чунки ўша пайтга келиб, 40 йилдан бери тинимсиз ишлаб келаётган Сирдарё ИЭСда энергоблокларнинг яроқлилик муддати ўтганлиги сабабли ёқилғи харажатлари ҳам кўтарилиб кетаётган эди. Сўзларим тугагач, Бош вазир ва ҳайъат аъзолари таклифимни бир овоздан маъқуллаб, қўллаб-қувватлади. Шундан сўнг, модернизация концепцияси ва лойиҳа ишлари бошланиб кетди ва 2014 йилда модернизация ишлари муваффақиятли амалга оширилди.  Шундай қилиб, модернизация ва реконструкция натижасида қуйидагиларга эришдик: 300 МВт ли энергоблокларнинг қуввати ҳар бири учун 25 МВт, жами 50 МВт га кўтарилди. Энди модернизациягача қувватлари 240 МВт гача тушиб қолган энергоблокларнинг қуввати 325 МВт ни ташкил этмоқда. Ёқилғи сарфи 15-20 фоизга камайди, яъни йиллик иқтисод 130 миллион метр куб газни ташкил этди. Энергоблокларни ишлатиш муддати яна йигирма йилга узайтирилди.  Таъмир харажатлари 40 фоизга камайди. Янги, замонавий, ҳар томонлама қулай ва ускуналарнинг бехатар ишлашини таъминлай оладиган бошқарув тизими яратилди.

Аҳил оилада саодат сурури Сирдарё вилоятининг Ховос туманидаги Шарқобод қишлоғида истиқомат қилаётган 5 фарзанднинг отаси ва 18 набиранинг суюкли бобоси М.Шоимовнинг волидаси Обида ая бугунги кунда 87 ёшни қаршилаган. Ая ҳозирги кунда қаҳрамон ўғли ва набираларининг ардоғида. Мирзааҳмад ака умр йўлдоши Ойсафар опа билан  47 йилдан бери аҳил, иноқликда яшамоқда. 5 фарзанд ҳам олий маълумотли мутахассислар бўлиб, ватанимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшмоқда.

Гоҳида уйимиз ёки ишхонада бирор соат давомида электр токи келмай қолса, кайфиятимиз бузилади, ҳафсаламиз пир бўлади. Лекин электр энергияси қаерда, қандай тарзда вужудга келишини тасаввур ҳам қилиб кўрмаймиз. Уни Мирзааҳмад ака сингари “нур булоғи”да меҳнат қилаётганлар яратади. Мана шундай инсонлар борлиги учун ҳам дунёда эзгуликнинг умри боқийдир.

Шуҳрат Суяров, ЎзА