Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нурали Қобул: “Дунёда китоб ёқишдан ҳам катта жиноят бор, бу китоб ўқимасликдир!”
10:24 / 2022-02-04

Ёзувчининг асарини ўқиб, у билан суҳбатлашган яхши.

    Аммо у билан жонли учрашиб сўроққа тутиш, маҳоратини ўрганиш, ўзаро фикр алмашиш завқи бўлакча. 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги “Умид” тўгарагининг таниқли ёзувчи Нурали Қобул билан жорий йилдаги илк учрашуви ана шу мақсадда ташкил этилди. 



2022 йилдан бошлаб тўгарак давом этади. Тўгарак фаолияти доирасида бўлажак ёш носирларга ижодий йўл-йўриқлар бериш, насрнинг ўзига хос хусусиятлари, қонуниятлари ва қийинчиликлари, унда ғоянинг бирламчи эканлиги борасидаги сабоқлар ўтиш билан бирга, “Ёнимиздаги дарёлар” рукнида истеъдодли ижодкорлар, ўзбек насри дарғалари билан учрашувлар, суҳбатлар, маҳорат дарслари олиб борилади. 

Тўгаракнинг биринчи сони меҳмони ўзининг «Салом тоғлар», «Тубсиз осмон», «Каптарлар қайтмаган тун» , «Яшаш учун кечикма», «Унутилган соҳиллар», «Оқ каптарлар», «Буғдой пишиғига етмаганлар», «Сен ватансан, муҳаббат», «Ватандан яхши ёр ўлмас», «Сукут суиқасди» каби асарлари билан ўзбек насрини бойитган истеъдодли ёзувчи Нурали Кобулдир.  



Нурали Кобул 1950 йил 2 январда Жиззах вилоятининг Бахмал туманидаги Ўсмат қишлоғида туғилган. Фарғона Давлат университетининг Тарих факультетини тамомлаган. У 25 жилдлик «Темурийлар» эпопеяси ва ўн икки жилдлик роман памфлетлар муаллифи Ш.Жўраев ижросидаги машҳур «Шаршара», «Яралган», «Оқ қайин», «Сиз буюксиз» қўшиқларининг, Муножот Йўлчиева хақидаги «Муножот» фильми сценарийси муаллифи. Асарлари дунёнинг барча етакчи тилларига таржима қилинган. 

– Орамизда ҳали хизрсифат инсонлар бор, шунинг учун ер юзи гўзал шаклда турибди, – дейди Нурали Қобул. – Камчиликлар ҳам йўқ эмас. Муаммоларсиз яшаяпмиз, деб ҳам бўлмайди. Дунёда китоб ёқишдан ҳам катта жиноят бор. Бу китоб ўқимасликдир. Афсус, кишиларнинг китоб ўқишга бўлган эътибори жуда пасайиб кетди. Авваллари китоб ортидан машина олса бўларди. Ҳозир аксинча, китоб чиқариш учун битта машинани пули кетиб қоляпти. АҚШда ўт ёқувчи ҳам китоб ўқийди, кези келса бизда академикман, дегани ҳам китоб ўқимаяпти...Ёшларга бадиий асар ёзишдан олдин кўпроқ ўқишни тавсия қиламан. Ана шунда ижодкор сўзга бой, бадиий тасвирга уста бўлади. 



Учрашувда Афғонистондаги “Бону” телевидениеси раҳбари Азизилло Орол ҳам иштирок этди ва ёш ижодкорлар қизиқтирган саволларга жавоб берди. 

– Маърифат излаб юрган ўзбек ёшларини кўриб бугун хурсанд бўлдим, – дейди Азизулло Орол. – Катта ёзувчи Нурали Қобул ижодига бефарқ эмасман. Унинг инсонийлиги, эътиборлилиги ва бадиий адабиёт учун чексиз хизмати алоҳида эътирофга лойиқ. Мухлис сифатида у киши билан бир замонда яшаганимдан мамнунман. Нурали Қобул билан кўплаб ижодий ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Эндиги фаолиятимни Ўзбекистон билан бевосита боғламоқчиман. Илмий, ижодий ишларимда Нурали Қобулдек дўстлар кўмаги керак бўлади.  

Ижодий учрашувда тўгарак аъзоларидан бирининг ҳикояси ёзувчи Нурали Қобул томонидан “Холис фикр” лойиҳасида таҳлил қилинди. Маҳоратли ёзувчи томонидан бўлажак носирларга зарур билим ва кўникмалар берилди. 

Ижодий учрашувни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Нодир Жонузоқ олиб борди. Ёзувчи Нурали Қобул ҳаёти ва ижоди ҳақида йиғилганларга қизиқарли маълумотлар тақдим этди. Шунингдек, ёзувчининг ҳаёт йўли, ижодий тажрибасидан ўрнак олиш кераклиги хусусида гап борди. 


Д. Маматова, ЎзА