Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нурафшонда “Матонат мадҳияси” мемориал мажмуаси
00:32 / 2024-05-10

9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Нурафшон шаҳрида “Матонат мадҳияси” мемориал мажмуаси очилди.

Шу муносабат билан фахрий қоровул саф тортди. Ҳарбий оркестр мусиқа садолари остида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, сенаторлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳудуд фаоллари  ва ёшлар жам бўлиб, ўзбек аёлларининг матонати тимсоли намунасига самимий ҳурмат бажо келтирилди.

“Илҳақ” бадиий фильмидан парча намойиш этилди. Унда Зулфия ая Зокирова ўғиллари Исоқжон, Аҳмаджон, Муҳаммаджон, Ваҳобжон ва Юсуфжонларни уруш жанггоҳларига кузатиш жараёни акс этган.  

Тадбирда ҳарбий оркестр ижросида Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси янгради.

Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ўз нутқида ҳар йили мазкур санада аждодларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирилиб, фронт ва фронт ортида  қаҳрамонлик намуналарини кўрсатган фахрийларимизга  алоҳида эътибор ва эҳтиром кўрсатилиши келгуси авлодлар тарбиясида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.  

Тарихдан маълумки, роппа-роса 1 минг 903 кун давом этган Иккинчи жаҳон уруши  Ўзбекистоннинг ҳар бир хонадонида ўзининг оғир жароҳатларини қолдирган. Хусусан, Тошкент  вилоятидан 200 минг нафардан зиёд мард йигит фронтга кетиб, улардан 40 мингга яқини жанг майдонларида қурбон бўлди. Уруш йиллари  мамлакатимизда  йилига ўртача 104 миллион пуд, яъни  1 миллион 700 минг тонна ғалла етиштирилган бўлса, унинг салкам бешдан бири Тошкент вилоятида етиштирилиб, асосий қисми фронтга жўнатилган.  

Биргина 1942 йилнинг кузида Тошкент вилояти аҳолиси ўз томорқасида етиштирилган маҳсулотлардан  52 вагон озиқ-овқат  маҳсулотларини фронтга жўнатгани ҳужжатлаштирилган. Аҳолининг шахсий маблағлари ҳисобидан тўпланган ёрдам  пулларидан ташқари, оиласи эҳтиёжидан тежаб - тергаб  кўплаб ёрдамлар юборилган. Уруш йиллари эвакуация қилинган 1 минг 300 нафар  10-15 ёшли  болани ва 3 минг 500 нафар бошпанасиз кишини халқимиз ўз хонадонларига қабул қилган, 300 нафардан зиёд  бола 9 та колхоз  қошида ташкил қилинган болалар уйларига жойлаштирилган.  

Қайд этилганидек, мустақиллик йилларида рўй берган қуролли тўқнашувлар, террористик ҳаракатларда  ватан ҳимояси, эл-юрт тинчлиги йўлида  вилоятимизнинг 67 нафар мард ва жасур фарзанди қурбон бўлди.  

[gallery-17365]

Юртбошимиз томонидан Нурафшон шаҳрида бугун яна бир сўлим маскан бунёд этилди. Зулфия Зокирова ва унинг фронтдан қайтмаган беш ўғли, садоқатли келинлари хотирасига атаб муҳташам ҳайкал ўрнатилди ҳамда унга “Матонат мадҳияси” номи берилгани ҳам давлатимизнинг юксак эътибори намунасидир.  

А. Мусаев, Д. Эрназаров (сурат), ЎзА мухбирлари