Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нурафшонда байрам нишонланди
17:56 / 2023-12-07

Нурафшон шаҳри марказида “Конституция халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси” шиори остида байрам тадбири уюштирилди.

Тадбирда Тошкент вилояти ҳокимлиги масъуллари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбийлар, нуронийлар ва ёшлар қатнашди. 

Байрам аввалида фахрий қоровул саф тортди. Ҳарбий оркестр ижросида Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси янгради. 
Қомусимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади, дея эълон қилинар экан, унда инсон ҳуқуқларига оид нормалар 3 баравардан ортиққа ошди. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларимизнинг, ҳар бир вазирлик ва идора фаолиятининг мазмунига айланиши қатъий талаб сифатида белгиландики, бу ҳол давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг фақат фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб фаолият кўрсатишига асос бўлади. 

Бинобарин, қонунлардаги ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал бўлиши шарт ва зарур. Бунга кўра, давлат ва инсон ўртасида муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликдаги ноаниқликлар, турли тушунмовчиликлар бартараф этилади. 

– Яна бир муҳим янгилик давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитларни яратиши мустаҳкамланди, – дейди Тошкент вилояти адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ҳамдам Назаров. – Ушбу норманинг киритилиши жамиятимизда оила мустаҳкамлиги ва мўътабарлигини барқарор таъминлашга хизмат қилади. 

Энди фарзандлар тарбияси, уларга таълим бериш, баркамол вояга етказиш ҳам ота-она мажбурияти сифатида белгиланди. Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш эса давлатнинг бурчи сифатида белгиланди. 

Тадбирда санъаткорлар томонидан ижро этилган қўшиқлар барчага манзур бўлди. Байрам тадбирлари вилоятнинг барча муассасаларида давом этмоқда. 

А.Мусаев, Д.Эрназаров(сурат), ЎзА мухбири