Енгил атлетика федерацияси, Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт ишлари вазирлиги ва Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу марафонда 3 мингдан ортиқ ёшлар ўз имкониятларини синовдан ўтказди.
Жорий йил мазкур югуриш марафони йўналиши кичик шаҳарлар ва аҳоли пунктлари орқали ташкил этиляпти. Бу эса чекка ҳудудлар аҳолисини соғлом турмуш тарзига кенг жалб қилиш ва жойларда спортни оммалаштириш имконини беради.
Мусобақалар аллақачон мамлакатимизнинг турли ҳудудларида, жумладан, Косонсой, Хонобод, Яйпан, Зарафшон ва Зомин каби шаҳарларда ҳам ташкил этилган бўлиб, ноябрь ойида Тошкент шаҳрида финаль босқисига старт берилади. Айтиш жоизки, "Save Aral – 2021" пойгалари 3 йилдан буён ўтказиляпти ва ҳар бир босқичда, иштирокчилар қамрови кенгайиб бормоқда. Нурафшон шаҳри мезбонлик қилган навбатдаги югуриш босқичида ҳам Тошкент вилояти ёшларининг ҳам қизиқиши катта бўлганини кўриш мумкин.
Ўғил болалар ўртасида Қашқадарё вилоятидан Евгений Фадеев биринчи ўринни эгаллади. Қайд этилган натижалар бўйича Фарғона вилоятидан Файзулло Пўлатхўжаев иккинчи ўрин, Тошкент вилоятидан Юсуфжон Абдуллаев учинчи ўринга лойиқ кўрилди.
Қизлар ўртасида эса Қашқадарё вилоятидан Ўғилой Музаффарова биринчи ўринни қўлга киритди. Шоҳсупанинг иккинчи поғонасига Наманган вилоятидан Беназр Ҳакимова, учинчи поғонада эса Тошкент вилоятидан Назира Маъмуржонова эгаллади. Шунингдек, “Энг ёш қатнашчи”, “Энг ёши улуғ қатнашчи” номинацияларида ҳам ғолиблар аниқланди.
Маълумот учун: "Save Aral – 2021" пойгасининг навбатдаги босқичи жорийнинг 16 октябрь куни Ангрен шаҳрида бўлиб ўтади.



А.Мусаев, ЎзА