Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нурафшон шаҳрида давлат хизматларини кўрсатиш такомиллаштирилади
18:31 / 2020-12-22

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Европа Иттифоқи ва БМТнинг Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда “Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида давлат хизматлари кўрсатишни такомиллаштириш ва бошқарув даражасини ошириш” лойиҳасини амалга оширмоқда.

Бу орқали қишлоқ жойлардаги аҳолининг заиф қатламлари, айниқса, аёллар, ёшлар ва болалар, қариялар ва ногиронларнинг турмуш даражасини яхшилаш борасида Ўзбекистон ҳукуматининг муҳим қадамларидан бири бўлмиш давлат хизматларининг сифатини яхшилаш, давлат хизматлари кўрсатиш тизимида шаффофлик ва ошкораликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.  

Шунингдек, инсон омили таъсирини камайтириш учун соҳада автоматлаштирилган тизимини ривожлантириш, коррупциянинг олдини олиш чораларини қўллаш каби муҳим вазифаларни амалга ошириш ҳам кўзда тутилган. Ушбу лойиҳани амалга оширишда Тошкент вилоятидаги Нурафшон шаҳар давлат хизматлари маркази ҳам тажриба тариқасида танлаб олинган.  

Давлат хизматлари агентлиги тизимида кадрлар малакасини ошириш,  аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш сифатини баҳолаш ва таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида Тошкент вилоят бошқармаси ходимлари, ДХМ ва давлат хизматларини кўрсатувчи давлат идоралари вакиллари иштирокида  семинар-тренинг ташкил этилди. 

Жумладан, Нурафшон шаҳри Тошкент вилоятининг янги пойтахти ҳисобланади. Режа бўйича бу Ўзбекистондаги биринчи “ақлли шаҳар” бўлади.  Шу боис ДХМ хизматларини оммалаштириш орқали шаҳар аҳолисини, айниқса, аёлларни қўллаб-қувватлаш, соҳага янги инновацион ғояларни олиб кириш, рақамли кўникмалар марказларини тузиш каби қатор йўналишларни ҳаётга  татбиқ этишда ушбу ҳудуд учун жуда  муҳим аҳамиятга эга. 

Семинар-тренингда дастлаб мутасаддилар БМТ Тараққиёт дастури лойиҳаси доирасида қандай ишлар амалга оширилаётгани тўғрисида йиғилганларга ахборот берди. ДХМ фаолиятини такомиллаштириш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, муаммоларни  биргаликда ҳал этиш бўйича таклифлар муҳокама этилди.    

  — Давлат хизматлари кўрсатиш соҳасига инновацион ечимлар ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, ортиқча овворагарчиликларни олдини олишга ва коррупция ҳолатлари юзага келишининг олдини олишга  хизмат қилади, — дейди ДХА Тошкент вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи М.Каримов.  — Семинарда соҳа оид норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, давлат идоралари салоҳиятини ошириш, хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, миллий бошқарувни такомиллаштириш бўйича 2021 йил учун лойиҳа-режалар билан ҳам танишдик.    

Таъкидланганидек, Давлат хизматларини кўрсатиш механизмларининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида, қўшма лойиҳа доирасида Нурафшон шаҳар Давлат хизматлари марказини замонавий ускуналар билан жиҳозлаш назарда тутилган.    

ЎзА